Ибн Сино доривор гиёҳлари орасида заъфарон ҳам бор
Фото: “Халқ сўзи”
Бухорода давом этаётган анъанавий XII Халқаро Ибн Сино ўқишлари иштирокчилари сафида доришуносу шифокорлар, тарихчилар, файласуфлар қатори кўплаб олиму тадқиқотчилар ҳам бор. Баҳодир Жумаев шуларнинг бири. Биз уни анжуман доирасида ташкил этилган кўргазмада учратиб қолдик.
— Улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино тузган шифобахш доривор гиёҳлар рўйхатида 840 та ўсимлик қайд этилган,— дейди Бухоро давлат тиббиёт институтининг халқ табобати ва касб касалликлари кафедраси доценти вазифасида ишлаётган Б. Жумаев. – Уларнинг бири мана бу заъфарон ўсимлигидир.
Олим эътиборимизни кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлаётган пештахта сари бошлади. Бу ерда "BMB Holding" компанияси томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги плантацияларида етиштирилган заъфарон маҳсулотлари намойишга қўйилган экан.

— 400 гектар майдонда заъфарон плантациялари барпо этганмиз, — дейди корхона масъул ходими Мамадиёр Шербеков. — Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2027 йилга бориб плантацияларимиз 2 минг гектарга етади. Заъфарондан тайёрлаётган дориларимиз тамоман табиий маҳсулот саналади. Италиянинг замонавий лабораторияларида бу ўз тасдиғини топган. Улар импорт ўрнини босади. Маҳсулотларимизга АҚШ, Европа давлатларидан ҳам буюртмалар тушяпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, заъфарон таркибида минераллар ва витаминлар, эфир мойлари ва инсон саломатлиги учун керакли бошқа кўплаб моддалар мавжуд. У қон айланишини яхшилайди, мия фаолиятига ижобий таъсир ўтказади. Юрак – қон томир тизимига фойдали таъсир кўрсатади. Ҳатто саратон касаллиги олдини олади. Бир сўз билан айтганда, заъфарон дамламасидан истеъмол қилган киши ўз саломатлигини мустаҳкамлайди.
— Серқуёш ўлкамиз ана шундай фойдали гиёҳларга бениҳоя бой,— дейди пировардида Баҳодир Жумаев.— Уларни асраб – авайлаш, кўпайтириш ва Ибн Сино тавсиялари асосида оқилона фойдаланиш халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг