Ҳуқуқ ва бурч чамбарчас боғлиқ

11:30 27 Ноябрь 2024 Жамият
356 0

Илм олиш, бирон касбни эгаллаш ҳар бир инсоннинг дунёга келганидан бошлаб умр бўйи давом этиши лозим бўлган жараёндир.

Асосий қонунимизнинг 50-моддасида “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга”лиги кўрсатилган. Тенгдошларим қатори мен ҳам ушбу ҳуқуқимдан фойдаланиб, аввало, мактабгача таълим ва тарбияни олдим. Сўнгра умумий ўрта таълим мактабида тўққиз йил давомида таҳсил олиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейида ўқишни давом эттирдим.

Конституциянинг 51-моддасидаги “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” нормасининг амалдаги кўриниши сифатида 2022 йили давлат гранти асосида Қорақалпоқ давлат университетининг юридика факультетига ўқишга кирдим. Бунда таълим ташкилотига ўтказилган танловнинг Конституция асосида, ҳаққоний тарзда олиб борилганлиги ҳам катта аҳамиятга эгадир.

Мен таҳсил олаётган олий таълим муассасаси ўзининг академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш, ўқитиш эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Хусусан, ўз соҳамизга оид бўлган билимларни кенгайтириш мақсадида ўтказилаётган тадқиқот жараёнида фаол қатнашмоқдаман.

Жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилган ўқитувчининг меҳнати бизда алоҳида қадрланади.

Узоқ йиллардан буён биз каби талабаларга илм-билим сирларини ўргатиб келаётган профессор-устозларимизга шогирд бўлиш мен учун фахрдир. Жумладан, Жиноят ҳуқуқи фанидан Сапаргул Утемуратова ҳамда Жиноят процессуал ҳуқуқ фани ўқитувчиси Қурбан Сейтназаровдан соҳага оид ҳамда тарбиявий билимларни олиб келмоқдамиз. Мен ушбу устозларимизни ўзим танлаб ўқиётган ва келгусида ишлашим мумкин бўлган ҳуқуқ соҳаси бўйича етук мутахассис бўлишимда йўл кўрсатувчи инсонлар деб биламан.

Албатта, Бош қомусимизда яшаш, таълим олиш, ижод қилиш, қўйингки, бу ҳаётда барча билан тенг ҳуқуқли яшаш ва муайян бурчларга амал қилиш учун зарур нормалар белгиланган. Масалан, Конституциямизнинг 53-моддасида “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади”. Мен ўқиш билан бирга ҳуқуқий мавзуларда устозларим кўмагида илмий мақолалар ёзишни ўрганмоқдаман. Шунингдек, ушбу моддада белгиланган норма менга муайян мавзулар бўйича мақолалар ёзиб ўз фикрларимни эркин билдиришимга туртки бўлди.

Конституцион ҳуқуқлар билан бирга белгиланган бурчларимни тўлақонли бажаришга ҳаракат қиламан. Зеро, ҳуқуқ ва бурч чамбарчас боғлиқдир. Шу боис тенгдошларим бўлган ёшларни, жамиятнинг ҳар бир аъзосини Конституциядан белгиланган ҳуқуқларимиздан фойдаланиш билан бирга унда белгиланган бурчларимизни ҳам бажариб боришга чорлаб қоламан.

Саида БАХТИЯРОВА,

Қорақалпоқ давлат университети юридика

факультети 3-босқич талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?