Ҳуқуқ ва бурч
Нега улар ҳужжатсиз яшашга маҳкум?
Биринчи сентябрда миллионлаб болалар мактабга боради. Аммо мактабга қабул қилинмайдиганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Улар жисмонан мавжуд болалар, аммо туғилиш далилини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ. Бу ота-оналарнинг масъулиятсизлигими ёки амалдорларнинг бефарқлиги?

— Боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси — бу давлат билан ҳуқуқий муносабатларга киришга имкон берадиган «калит». Шу ҳужжат орқали бола тенг ҳуқуқли фуқаро мақомини олади, — дейди Андижон шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бюроси раҳбари Ғофиржон Саломов. — Бу «калит» бўлмаса, болалар «кўринмас одам»ларга айланади. Уларнинг мавжудлигини ҳеч ким билмайди. 2024 йилда Андижон шаҳрида худди шундай яшовчи 168 нафар кишига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани топширдик. Булар дунёга келганида рўйхатга олиш чоралари кўрилмаган. Бу уларнинг шу пайтгача расман мавжуд эмаслигини англатади.

Савол туғилади: нега бу юртдошларимиз туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмаган? Юртимизда ушбу ҳужжатларсиз яна қанча киши яшайди? Ҳокимият нуқтаи назаридан ва қонунга кўра, улар шунчаки мавжуд эмас. Тушуняпсизми, шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз болалар боғчасига ёки мактабга боролмайди. Улар тиббий ёрдам ва бошқа муҳим хизматлардан маҳрум. Кейинчалик ишга жойлашиб, ижтимоий нафақа олмайди. Улар эксплуатация ва зўравонлик қурбонига айланиш хавфи юқорилигини назарда тутсак, муаммо кўлами янада чигаллашади.
Болани яширишга сабаб нима?
Аслида фарзандингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ҳужжатларни йиғиш кўп вақт талаб қилмайди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқноманинг 59-бандига кўра, ўн олти ёшгача бўлган боланинг ҳужжатини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган бир қанча ҳужжатлар тақдим этиш керак. Булар — ариза, боланинг туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ёки туғуруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, соғлиғи тўғрисида маълумотнома, таълим олаётгани тўғрисида маълумотнома, тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмагани тўғрисида маълумотномалар. Бироқ, чақалоқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг етишмаслиги келажакда ота-оналарнинг амбициялари ёки масъулиятсизлиги туфайли болаларнинг ҳаётини жиддий равишда мураккаблаштиради. Кўпинча кам таъминланган оилалар ёки узоқ тоғли ва қишлоқ жойлардаги болалар рўйхатдан ўтмаган бўлиб чиқади. Қонунимиз «уй шароитида туғиш»ни тақиқламайди. Тиббий ташкилотдан ташқарида туғилгандан қатъи назар — ота-онасининг қарорими бу ёки бошқа сабабми, қай ҳолатда бўлмасин, гўдакнинг туғилганлигини тегишли идораларда қайд эттириш муҳимку! Биз бунга ақли етмайдиган даражадаги ҳуқуқий билимимиз паст, онгсиз мавжудот эмасмизку! Дейлик, бунга ота-оналарнинг бефарқлиги, эътиборсизлиги ёки масъулиятсизлиги сабаб бўлган тақдирда ҳам маҳаллага бириктирилган ҳамширалар нега бундай ҳолатга бефарқ? Тақдир тақозоси билан гўдак уйдами, меҳмонхонадами ёки сафарда туғилди дейлик, бу ҳақида тегишли идораларга хабар бериш биринчи галда уларнинг вазифаси эмасми? Кўз ўнгида вояга етаётган ўғил ёки қизга ҳуқуқий имкониятлари чекланганлигини эслатиш билан кифояланган маҳалла фаоллари муаммонинг ижобий ечимини таъминлашини ўз ваколатлари доирасидаги вазифа, деб қабул қилишлари керакмасми? Ахир, инсонни фуқаро сифатида қайд этмаслик давлатга ҳам бир қанча муаммолар туғдиради. Ўз навбатида, ота-оналар ҳам фарзандини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишдан фойда олиш учун қонуний ҳуқуқдан маҳрум қилмасликлари керак.

«Туғилганимни исботлолмай яшадим»
— Туғилганимда расман ҳеч жойда рўйхатга олинмаганман, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Тўланбой Облоқулов. — Ота-онам уйдан узоққа кетишимга рухсат беришмасди. Чунки туғилганимни тасдиқловчи гувоҳномам йўқ эди. Боғчага боролмадим. Ҳужжатларим бўлмагани учун мактабга ҳам чиқмадим. Кейинчалик гувоҳномасиз банкда ҳисоб очиш, паспорт олиш, овоз бериш ёки ҳатто ишга жойлашишга ҳам муаммоларга дуч келавердим. Уйланиб фарзандли бўлганимдан кейин бу муаммо оилам учун ҳам ташвиш туғдирди. Кам таъминланганлар тоифасига мансуб бўлганим билан маҳалладан ёрдам сўролмадим. Ноилож фуқаролик ҳолатимни тиклаш бўйича тегишли идораларга мурожаат қилдим. Энди менда ушбу шахсий гувоҳнома бор. Ўзбекистон фуқароси эканимни фахр билан айта оламан. Ҳамма қатори тенг ҳуқуқлиман, барча фуқаролар учун яратилган шароит ва имкониятлардан тўлиқ фойдалана оламан.
«Бу менинг ўғлим ёки қизим»
Бир пайтлар дунёга келганини исботлолмай яшаган Тўланбойга ўхшаган юртдошларимизнинг ҳуқуқлари тиклангани қувонарли, албатта. Айни пайтда бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик, уларни зудлик билан ҳал қилиш зарурлигини англашимиз керак. Агар туғилиш тиббий ташкилотдан ташқарида бўлганда ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришдан бош тортмаслик ёки уни рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Чунки туғилган бола шахсини тасдиқловчи ҳужжатга муҳтож бўлади. Фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномагина боланинг туғилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқлайди. Унга «бу менинг ўғлим ёки қизим« деган сўзлар етарли эмас. Боланинг ҳуқуқлари ўзаро боғлиқ ва бўлинмасдир. Бу ерда, албатта, уларни бузган шахслар жавобгар бўлиши керак. Шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда масъул давлат органлари — соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, халқ таълими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари, болалар манфаатларини кўзлаб ишлайдиган нодавлат ташкилотлар ҳам жонбозлик кўрсатса мақсадга мувофиқ бўларди.
Адиба УМИРОВА,
Саминжон ҲУСАНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг