Ҳунарли аёллар оиласига даромад келтиради

17:14 18 Март 2025 Жамият
186 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Иштихон туманидаги Чағатой маҳалласида аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, турли курслар ташкил этилган. Тикувчилик, пишириқ тайёрлаш, кичик ҳамширалик каби йўналишларда мутахассислар иш бошлади. Бунинг натижасида ўнлаб хотин-қизлар янги касб эгаллаб, оиласига даромад келтира бошлади.

Маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулмира Ҳамроева ташаббуси билан амалга оширилган лойиҳалар жуда кўп аёллар ҳаётини ўзгартирди. Тикувчиликни Севара Турғунова, ҳамшираликни Хайринисо Жўраева ва Гули Ўролова, пишириқ тайёрлашни Барно Холиқова, фитнесни эса мутахассислар ўргатишга киришди. Уларнинг меҳнати ва ташаббуслари маҳалладаги хотин-қизларга умид бағишлади.

Қувонарлиси, бу курсларнинг аксарияти текин, ҳамширалик йўналишида эса ойига бор-йўғи 250 минг сўм тўлов белгиланган. Ҳар бир курсга 15 нафардан тингловчи қабул қилиниб, уч ой давомида таълим берилади. Ҳозиргача 60 нафар хотин-қиз янги касб эгаллаб, ўз мустақил фаолиятини бошлади.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида ўтган йили «Аёллар дафтари»га киритилган 104 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилган. Хусусан, 38 минг 758 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланган.

— 2024 йилда 156 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар уй-жойлар билан таъминланди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Саидова. — Бу йил яна тураржойга муҳтож 110 нафар аёлларнинг муаммосини ҳал этиш режалаштирилган. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 210 нафар хотин-қизларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, ихтисослашган тиббий марказларда саломатлигини тиклаган.

Хуллас, вилоятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?