“Ҳукумат соати”: депутатларнинг саволларига қишлоқ хўжалиги вазири жавоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер майдонларини фойдаланишга киритиш, аграр соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратишга қаратилган — “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги масалани муҳокама қилдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига Қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов жавоб берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳит ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳа бошқарувида инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтириляпти.
“Ҳукумат соати”да депутатлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва у орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини кўпайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқдилар.
Мазкур саволга Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан атрофлича маълумот берилди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Аграр тармоқда 4 млн. нафарга яқин ишчи-хизматчилар фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2023 йилнинг ўтган даврида 94,3 минг гектар экин майдонлари 247 минг нафар фуқарога очиқ электрон танловлар орқали ижарага берилган. Ер майдонларининг 24 минг гектари 65,1 минг нафар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд ва хориждан қайтган меҳнат мигрантларига ажратилган.
Бундан ташқари, яна 17,2 мингта лот 10,8 минг гектар ер майдонлари “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танловларга чиқарилган. Жорий йил январ-июнь ойларида қишлоқ хўжалиги соҳасида жами 808 минг нафар, яъни 223 мингта доимий ва 585 мингта мавсумий иш ўринлари яратилган.
Шу билан бирга, пахта ва ғалладан қисқарган ер майдонларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 2022-2023 йилларда аҳолига ажратиладиган 193 минг гектар майдонда 2-3 марта экин экиш орқали 5 млн. тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, юртимизда қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича саволлар беришди.
А.Воитовнинг қайд этишича, қишлоқ хўжалигида инвестициявий жозибадорликни ошириш ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларининг самарадорлигини ошириш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 5,1 млрд. сўм, чорва, парранда ва балиқ етиштириш, импорт қилинган наслли қорамол, қўй эчкилар ва маҳаллий етиштирилган наслли қорамоллар учун 293 млрд. сўм, оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини қазиш учун 36,5 млрд. сўм ҳамда боғларда томчилатиб суғориш технологияларини ҳамда қудуқ насос стансияларини ўрнатиш учун 25,2 млрд. сўм субсидиялар ажратилган.
Шу билан бирга, мамлакатимизда бугунги кунда пахта-тўқимачилик йўналишида кластерлар сони 141 тани, ғаллачилик кластерлари 161 тани, мева-сабзавотчилик кластерлари 244 тани ташкил этиб, уларнинг фермер ва дехқон хўжаликлари билан мустаҳкам алоқаси йўлга қўйилган. Бунда, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2023 йилнинг ярим йиллигида қиймати 7,4 трлн. сўмлик 262 та инвестиция лойиҳа амалга оширилиб, 19,4 мингта иш ўринлари ташкил этилган.
Қайд этилганидек, ғаллачилик кластерлари томонидан 261,1 млрд. сўмлик 48 та инвестиция лойиҳа амалга оширилиб, 195 минг тонналик янги қувватлар ишга туширилган. Жумладан, йиллик қуввати 167 минг тонналик ун, 6 минг тонналик омухта ем, 11 минг тонналик нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 9 минг тонна донни сақлаш, 3 та паррандачилик ва 6 та чорвачилик комплекси ташкил этилди ҳамда 1197 та иш ўрни яратилди.
Шунингдек, мева-сабзавотчилик кластерлари томонидан жами 1,1 млн. тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, шундан, 620 минг тонна ички истеъмолга, 296 минг тонна қайта ишлашга ҳамда қиймати 186 млн. АҚШ долларлик 230 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эскпортга йўналтирилган.
Таъкидланганидек, жорий йилда аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларда маҳсулотларнинг нарх барқарорлигини сақлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер майдонларини фойдаланишга киритиш, аграр соҳада аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг