«Ҳовли кўрди»га кўчат совға қилса бўлади

15:27 13 Февраль 2025 Жамият
102 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ёш шифокор Абдулазиз Мустафоқулов яқинда рўзғорини алоҳида қилди. Шу вақтгача акасининг оиласи билан бирга аҳил-иноқ яшаган ота ҳовлисидан янги қурган уйига кўчиб чиқди.

Дабдаба ва ҳашаматлардан холи, аммо жуда чиройли меъморий ва замонавий кўринишда бунёд этилган ҳовли-жойининг анча-мунча томорқаси бор. Унда бемалол дастурхони учун етарли мева-чева, сабзавоту резаворлар етиштириш, қолаверса, ортиқчасини бозорга чиқариб, қўшимча даромад қилиши мумкин. Лекин ерда ҳали бирорта кўчат экилмаган. Шунданми, ёши етмишни қоралаётган амакиси Мамадали бобо «Абдулазизжон, «Ҳовли муборак»ка ўзим ўстираётган кўчатлардан совға қиламан, ўз қўлим билан экиб ҳам бераман», деди. Отахоннинг бу гапи Абдулазиз Мустафоқуловнинг бошқа яқинларига ҳам маъқул бўлди. Натижада экиладиган дарахт турлари рўйхат қилиниб, олинадиган кўчатлар қариндошлар ўртасида тақсимланди. Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласида яшаётган ёш оила томорқасида ажиб бир боғ яратилди. Бундан ибрат олиб, юртдошларимиз ўртасида ҳам бир-бирларига кўчат совға қилиш кенг оммалашса мақсадга мувофиқ бўларди.

Бинобарин, сўнгги йилларда совғаларнинг тури кўпайди. Кимдир отаси ёки бошқа яқинининг туғилган кунига автомобиль , биров умра зиёратига йўлланма туҳфа қилмоқда. Яна фарзандларига яхши кунларида хонадону яна турфа қимматбаҳо ҳадялар тортиқ қилиш ҳам «урф»га кирмоқда. Албатта, буларнинг бари халқимиз турмушининг тобора фаровон бўлиб бораётганидан далолат. Аммо ҳаётда шундай туҳфалар борки, улар ҳар қандай зару жавоҳирларданда қимматли, муҳими, ҳар доим фойдалидир.

Булардан яна бири халқимизнинг ажойиб маънавий қадриятига айланиб бораётган китоб совға қилиш одати, албатта. Жумладан, бугун сепида сандиқ -сандиқ китоблари ҳам бор келинлар, « Ота кўрди»да қизига даста-даста китоблар ҳадя қилаётган оталар ҳам борлиги қувонарли. Шу маънода, азалдан оталар ва боболарнинг фарзандларига атаб томорқаларининг адоғию теграсида қатор-қатор тераклар ўстиришини мисол келтирсак, кўчатлар ҳам яқинларимиз ва умуман бошқалар учун ҳам бериладиган энг чиройли ҳамда керакли совға эканлиги аён бўлиши, шубҳасиз. Қолаверса, ўша Абдулазиз Мустафоқуловнинг яқинлари туҳфа қилган кўчатларнинг тез орада берадиган меваларидан қанча кишилар баҳраманд бўлади, соясидан ором олади. Япроқлари «ишлаб чиқарадиган» кислороддан тўйиб-тўйиб нафас олинади. Шу билан бирга, ушбу дарахтлар совға эгасининг номини ушбу хонадон ва атроф жавонибда узоқ йиллар эслатиб туради. Ҳаққига дуолар ва миннатдорликлар айтилади. Демак, туҳфа қилинган ниҳол ҳам китобдек кўп наф ва савоб келтиради.

Шукроналик билан эътироф этсак арзийдики, юртимиз шаҳару қишлоқлари, хонадонлари йил сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз улуғвор бунёдкорликларга уйғун равишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида боғу роғларга бурканмоқда. Бу кенг кўламли иш изчил ва жадал давом эттирилмоқда. «Яшил макон» бўйича кўзланган мақсадларга ортиғи билан эришиш ва Ватанимизнинг яшил бойлигини янада бойитишда албатта, ҳар бир юртдошимиз ва ҳар бир оиланинг фаол иштироки жуда муҳим. Бу хайрли вазифани ниҳол экиб ўстириш баробарида яқинларимиз ёки эҳтиёжманд оилалар томорқаси учун кўчатлар совға қилиш билан ҳам тўла-тўкис бажарсак бўлади. Ушбу хайрли ишимиз йиллар ўтиб, халқимизнинг кўплаб бебаҳо миллий қадриятлари қаторидан ўрин олса, «Ҳовли муборак», «Уй кўрди»га совға учун кўчатлар кўтариб келиш урфга айланса, ажаб эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?