Ҳоким ёш спортчиларга велосипед ҳамда федерацияга «Дамас» автомашинаси совға қилди

11:18 12 Июнь 2022 Спорт
338 0

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати

Гулистон шаҳридаги «Билимдонлар маскани»да тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг вилоят бўлими мутасаддилари ва ёш велосипедчилар иштирок этди.

Вилоят ҳокими спортчилар билан самимий суҳбатлашиш баробарида ўз фикр ва тавсияларини ҳам бериб ўтди. Уларнинг орзу-умидлари, мақсадлари билан қизиқди.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан велоспортни янада ривожлантириш, айниқса, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб этиш ҳамда шу орқали мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир доирасида ҳоким вилоят спортчиларининг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва ПараОсиё ўйинлари, Жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришишига кўмаклашиш мақсадида 14 дона янги, замонавий велосипед совға қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг Сирдарё вилояти бўлими фаолиятини янада ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида «Дамас» автомобили ҳам тантанали равишда топширилди.

— Вилоятимизда спорт, шу жумладан, велоспортнинг оммалашиши ва ривожланиши учун барча имкониятлар яратиб бериляпти. Бундай эътибор спортчиларимизга янада куч беради. Билдирилаётган ишончни амалдаги натижаларимиз билан оқлашга сўз берамиз, — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди федерациянинг вилоят бўлими бошлиғи Камолиддин Ҳикматов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер