Ҳоким нимадан дарғазаб?
Бугунги интернет ва оммавий коммуникациялар ривожланган бир даврда халқимизнинг “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” деган мақоли ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Чинданам, ҳар қандай ноўрин айтилган гап ёки нотўғри хатти-ҳаракат дарҳол ижтимоий тармоқ орқали кенг тарқаляпти.
Бундан айниқса, ҳокимлар, турли даражадаги раҳбарлар кўпроқ “азият чекмоқда”. Шундан бўлса-да, кунда-кунора юз бераётган “қовун тушириш”ларнинг охири кўринмаяпти. Бир ҳоким тадбиркорни “кўмиб” юбормоқчи бўлса, бошқаси қўл остидагиларни бўралаб сўкаётганини эшитиб қоламиз. Яна бир раҳбар видеоселекторда котибаси билан бир стулда ўтириб иштирок этса, бошқаси ходимининг аёллар билан ишқий муносабатини очиқ-ойдин муҳокама қилади.
Энг қизиғи — бундай ҳолатларда айбдорга нисбатан чора кўриш масаласида ёндашувлар ғалати. Агар хатога йўл қўйган раҳбарнинг даражаси юқори бўлса, жазони у эмас, воқеани интернетга тарқатган одам ёки шунга йўл қўйган ходим олади. Бунга Андижондаги мактабда рўй берган воқеа яққол мисол. Охир-оқибат мактабни ўз кучи билан таъмирлашга буйруқ берган раҳбарлар четда қолиб, директор балога қолди. Ваҳоланки, у ўқитувчиларни ўз томорқасига олиб бориб ишлатгани йўқ эди. Агар ҳокимлик ўз вақтида мактаб таъмири учун тендер ўтказиб, қурувчи ташкилот тайинланганида, директор бу ишларни ўқитувчиларга қилдиришга мажбур бўлмасди.
Муҳокамага чиққан камчиликларга муносабатнинг яна бир ғалати жиҳати шундаки, энди вилоят ҳокимлари ва республика даражасидаги раҳбарлар йўл қўйилган хатога эътибор қаратмасдан, кўпроқ у ҳақда оммавий ахборот воситасида гапирилганидан дарғазаб бўлишяпти. Уларнинг наздида, камчилик бўлса бўлаверсин, фақат ижтимоий тармоққа ёки газетага чиқиб кетмаса, асосийси, бундан янада юқорироқ турувчи раҳбарлар хабар топмаса бўлгани...
Яқинда ижтимоий тармоқда тарқалган бир видеода вилоят ҳокими қўл остидагиларга “ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорлик қилмаганнинг келажаги йўқ”лигини уқтирганига кўзимиз тушди. Аслида, журналист ёки блогер танқидий материал тайёрлаётганда кимнидир изза қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Мақсад — камчиликни бартараф этиш. Шундай экан, ижтимоий тармоқ фаоллари билан ҳамкорлик қилиш эмас, камчиликларга йўл қўймаслик керак. Шунда мақсадга эришилади.
Жамолиддин ТЎХТАШЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг