Ҳарбий хизматчиларга янги уй калитлари топширилди

18:00 08 Январь 2024 Жамият
494 0

Уйчи туманида Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли взвод жамоаси Ватан ҳимоячилари куни арафасида қурувчилардан муносиб туҳфа олди. Бу ерда взводнинг янги маъмурий биноси ҳамда ҳарбий хизматчилар учун бунёд этилган замонавий тураржой фойдаланишга топширилди.

Янги иншоотлар тақдимотида Наманган вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шавкат Абдураззоқов, аскарлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тўпланганлар олқиши остида янги хизмат хонадонларининг калитлари эгаларига тантанали равишда тақдим этилди. Рамзий лента қирқилгач, меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Шу куни мазкур ҳарбий қисм шахсий қисм таркиби тўрт қаватли 36 хонадондан иборат тураржой биносидан ташқари, янги қурилган маъмурий бино, кинология бўлинмаси, отхона, мини стадион, омборхона ва бошқа қўшимча биноларни ҳам қабул қилиб олишди.

— Ҳарбий қисмда қурилган иншоотлар мажмуаси маҳалламиз кўркини янада очиб юборди, — дейди Кесканёр МФЙ ёшлар етакчиси Улуғбек Маҳкамов. — Замонавий хизмат хонадонлари офицер ва сержантларнинг яшаш шароитини яхшилаган бўлса, мини-стадионнинг фойдаланишга топширилиши маҳаллий ёшлар учун ҳам айни муддао бўлди. Аскарликка қизиққан йигитларимиз футбол билан бемалол шуғулланадилар, ҳарбийлар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилади.

Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган мазкур қисм жамоаси давлатимиз томонидан кўрсатилган навбатдаги ғамхўрликка жавобан Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ваъда бердилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер