Ҳар бир ҳудудда «Ҳунармандлар саноат маркази» ташкил этилади

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
2025 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида «2024 йил ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йил режалари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида «Ҳунарманд» уюшмаси раҳбар ходимлари, ҳунармандлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги уста-ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар сони 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар 230 минг нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти машҳур сулола давомчилари бўлиб, соҳанинг қадимий анъаналарини замонавий услублар билан уйғунлаштирган ҳолда ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Амалий санъат турларини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида дастлаб амалда бўлган 25 та ҳунар турлари сони 34 тага, бугунга келиб эса 43 тага кўпайди.
Уюшма аъзолари ва кам таъминланган ҳамда ишсиз, шунингдек ногиронлиги бўлган жами 19,4 минг нафар фуқароларга 18,3 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихона ва ваколатхоналари кўмагида МДҲ, Европа ва АҚШ давлатларига ҳунармандчиликнинг кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик ва қўлда газлама тўқиш йўналишлари бўйича 2024 йилда жами 15 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталогига фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 261 нафар ҳунармандлар киритилди. Шунингдек, 2,6 мингдан ортиқ ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Айтиш лозимки, мамлакатда Халқаро ҳунармандчилик фестивалларини ўтказилиши ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъана ва мактабларини асраш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, истеъдодли ҳунармандларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жаҳонда маданият ва туризм соҳасида мамлакат имижини ошириш, ижтимоий, маданий соҳаларда хорижий мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида республика ҳудудида жами 15 та халқаро, 1 993 та маҳаллий тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, 2022 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида 58 мамлакатдан 211 нафар хорижлик, 700 нафар маҳаллий, 2023 йилда ўтказилган ИИ Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 70 давлатдан 260 нафар хорижлик, 950 нафар маҳаллий, шу билан бирга, фестиваль доирасида ташкил этилган. Халқаро кулолчилик форумида 30 та мамлакатдан 80 нафар хорижлик, 140 нафар маҳаллий ҳунарманд иштирок этди.
Бундан ташқари, ўтган уч йилда 21 та хорижий давлатда 37 та фестиваль, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, унда 541 нафар ҳунарманд иштироки таъминланди.
Яна бир муҳим йўналишлардан бири халқ ҳунармандчилиги ва ижодий анъаналар кенг ривожланган шаҳар ва туманларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ташкил этилганлигидир.
Бугунга келиб, республиканинг 14 та ҳудудида умумий майдони 58,3 гектарга тенг жами 77 та ҳунармандчилик марказлари қурилиб, уларда 4,7 минг нафар (шундан, 1,8 минг ҳунарманд, 2,8 минг шогирд) ҳунарманд ва уларнинг шогирдлари фаолият юритиб келмоқда.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, жумладан уларга тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини ташкил этишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Соҳада яратилган имтиёзларни амалда татбиқ этиб, хотин-қизлар ҳунармандчилигини ривожлантиришга, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, республиканинг чекка ҳудудларида 29 та қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилиб, уларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 306 нафар хотин-қиз уста-шогирд анъанаси асосида ҳунар ўрганди.
Шунингдек, «Жазони ижро этиш муассасалари»да ҳам маҳкумларга уста-шогирд анъаналари асосида ҳунар ўргатиш йўлга қўйилган. Бугунги кунда, мазкур муассасаларда уюшма томонидан 805 та ўқув курслари ташкил этилиб, унда 14,1 минг нафар маҳкумга ҳунар ўргатилди ҳамда Уюшманинг махсус сертификатлари тақдим этилди.
2025 йилда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш дастурига асосан «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан республика миқёсида 12 402 нафар ҳунармандларга 96 307 нафар хотин-қизлар ҳунар ўрганиши учун бириктирилади.
Шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан «Ҳунармандлар саноат маркази» ташкил этилади ва уларда хотин-қизларни ҳунармандчиликка ўргатиш орқали бандлиги таъминланади.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг