Ҳалоллик яхшиликнинг калитидир

11:34 27 Сентябр 2024 Жамият
749 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Буюк алломаларимизнинг илмий-маърифий мероси, фалсафий қарашларини ўрганиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Негаки, бу мерос баркамол инсон тарбияси йўлида хизмат қилади. Ёшлар онгу шуурига юртпарварлик, адолатпарварлик, меҳру оқибат, одамийлик, яхшилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик каби эзгу фазилатларни сингдиради, одамларни хайрли ишларга чорлайди.

Шу боисдан ҳам улуғ аждодларимизнинг ҳаётлари, фаолиятлари чуқур тадқиқ этилаяпти. Улар мангу қўним топган гўшалар обод қилинмоқда. Бу табаррук масканлардан зиёратчилару сайёҳларнинг қадами узилмаяпти.

Бухородаги Етти пир – етти авлиё қадамжоси ана шундай муқаддас масканлар сирасига киради. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий қабрлари таомилга кўра, кетма-кетликда зиёрат қилинади. Биз бу ўринда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳақида мухтасар сўз юритмоқчимиз.

Бу буюк аждодимиз 1103 йилда Ғиждувонда туғилган. У Нақшбандия тариқатининг ривожига жуда катта ҳисса қўшган. Дунёга Хожаи Жаҳон (Жаҳон хожаси) номи билан ҳам маълум. Унинг “Васоя”, “Тариқат одоби”, ”Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний”, “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” каби асарлари бор. 1179 йилда Ғиждувонда вафот этган.

Мутахассислар фикрича, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизматларидан бири шуки, у тариқатни Муҳаммад Пайғамбар суннатига мувофиқлаштирди. Уни турли нотўғри қарашлардан тозалади. Шариатга риоя этишни асосий қоида деб билиб, таркидунёчиликни инкор этди. Ҳар кимнинг ўз меҳнати билан кун кўриши лозимлигини уқтирди. “Дил ба ёру даст ба кор!”, яъни “Кўнглинг ёрда-ю (Аллоҳда), қўлинг ишда бўлсин!” шиорини ҳам илк бор у илгари сурди. ”Ҳалоллик яхшиликнинг калитидир”, “Халққа марҳаматли бўл” сингари ўнлаб пурмаъно ўгитлари билан одамлар кўнглидан жой олди.

— Соҳибқирон Амир Темур Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафига мадраса ва мақбара қуришни мақсад қилган, аммо бу ниятини рўёбга чиқаришга улгура олмай қолган, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Бобосининг бу ниятидан Мирзо Улуғбек хабардор эди. У бу эзгу ниятни амалга оширди. 1433 йилда Ғиждувонда мадраса, кутубхона ва тошҳаммом қурдирди. Кейинчалик бу ерда масжид, минора ва ҳовуз ҳам барпо этилди.

Буюк аждодларимиз назари тушган ушбу маскан, афсуски, шўро тузуми даврида оёқости қилинди. Мадраса, масжид кимёвий ўғит сақланадиган омборхонага, қабр атрофи эса сомон бозорига айлантирилди. Мустақиллик шарофати билан бу каби нохуш ҳолатлар барҳам топди. Зиёратгоҳ обод этилди. 2003 йилда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги кенг нишонланди.

— Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши зиёратгоҳни янада обод қилиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтирди, — дейди ғиждувонлик меҳнат фахрийси Ражаб Авезов. — Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, мажмуа тўлиқ реконструкция қилинди. Маълумотларга қараганда, бунинг учун ҳукуматимиз ҳамда ҳомийлар томонидан 8 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Зиёратгоҳ ҳудудидаги йўлакларга махсус тошлар ётқизилиб, ён-атроф ободонлаштириди. Таҳоратхона, ошхона, 3 та автотураргоҳ ва 3 та дарвоза барпо этилди. Масжид янгитдан қурилди. Музей ташкил топди. Мажмуа атрофи ўраб олинди. Ҳазрат оналарининг қабри ўрни аниқланиб, янги ҳазира барпо қилинди. Бир сўз билан айтганда, қадимий суратларга таянилган ҳолда мажмуанинг асл қиёфаси қайта тикланди.

Айни дамда зиёратгоҳга қадам қўйган ҳар бир киши бу ердаги ободлик, ажиб бир сокинликни кўриб кўнглида шукроналик ҳиссини туяди. Умрнинг ўткинчилигини, инсон ўзидан фақат яхши ном қолдириши кераклиги ҳақидаги азалий ўйлар фикру хаёлини чулғайди. Руҳи енгил тортади. Таълимотининг ўзаги ҳалоллик, яхшиликка даъватдан иборат бўлган улуғ аждодимиз хотирасини ёд этиб, кўнглига эзгу ниятларни жо қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?