«Ҳайрат ул-аброр»нинг туганмас ибратлари

18:58 20 Февраль 2025 Илм-фан
229 0

Маоний аҳлининг соҳибқирони, мутафаккир ижодкор Алишер Навоий буюк «Хамса» асари билан ўзига ўлмас ҳайкал қолдирди. Бу асар ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам катта қадр-қимматга эга. «Хамса» нафақат ўзбек миллатининг, дунё халқларнинг маънавий бойлиги, комил инсон ахлоқи, тарбиясининг асосий манбаига айланди.

«Хамса»даги ҳар бир достон ўз хусусиятига эга. Хусусан, унинг биринчи достони «Ҳайрат ул-аброр» фалсафий, диний, тасаввуфий, одоб-ахлоқ фазилатлари билан зийнатланган асардир. У қомусий асар бўлиб, асосий қисмини ташкил этувчи мақолат ва ҳикоятларда инсоният учун барча замон ва маконда ўта долзарб бўлган масалалар ўз ифодасини топган. Шунингдек, достонда ижодкорнинг инсон ва унинг ўзлиги, руҳияти, шахсияти ҳақидаги ўйлари мақолатларда кенг, батафсил ёритиб берилган. Асардаги ҳикоятлар эса мақолатларда илгари сурилган таянч ғояларни китобхон онгида яхши таъсир этишига имкон яратади, ҳар бир мақолат махсус бирор масалани ёритишга бағишланган.

Достонда Алишер Навоийнинг ислом дини, тасаввуф ҳақидаги мулоҳазалари кенг баён қилинган. Аллоҳнинг улуғворлиги, унинг мадҳи, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг таржимайи ҳоли, сифатлари, мақтовлари, ислом дини, иймон, устозлари шайх Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, шайх Абдураҳмон Жомийларга эҳтиром, сўз ва кўнгил, пир ва мурид муносабатлари, адолат, карам ва саховат, ҳалол меҳнат, одоб-ахлоқ ва ҳаё, қаноат, ишқ ва вафо, ростлик, муомала, меҳр, оқибат, ота-она ҳурмати, мардлик, кечиримлилик ва авф, инсоф ва камтарликни улуғлаш фазилатлари, худбинлик ва майхўрликни қоралаш, ёлғончилик, бўлар-бўлмасга кулиш, одобсизлик, зулм ва адолатсизлик, таъма ва иккиюзламачилик, дунёга ҳирс қўйиш, ўғрилик каби иллатлар танқид қилинади.

«Ҳайрат ул-аброр»нинг асосий қисмини йигирма мақолат ва йигирма ҳикоят ташкил этади. Асарда ҳар бир мақолатдан кейин бир ҳикоят келтирилади. Достон охирида яна бир ҳикоят бор, ҳаммаси бўлиб йигирма бир ҳикоятдан иборат. Бу ҳикоятларнинг ҳажми турлича. Энг кичиги ўн тўрт байт — йигирма саккиз мисра бўлса, энг каттасининг ҳажми қирқ икки байт — саксон тўрт мисрадан иборат.

Достоннинг ўн учинчи мақолатида шоир одамларга фойдаси тегадиган инсонларни мақтайди. Ким бошқаларга фойда келтирса, ўзи ундан кўпроқ наф топишини айтади:

Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Билки бу нафʼ ўзунга кўпрак дурур.

Бу қисмда шоир яхши-ёмон одамлар, тил фойдалари, яхши сўз билан ёмон киши ҳам яхши бўлиши, яхши сўздан ўлик ҳам нажот топиши ҳақида сўз юритилган.

Фақат ўзини ўйлайдиган кишиларни шоир чумолига ўхшатади. Иши фақат уйига ташиш бўлгани учун у тириклайин ерга — гўрга кирди дейди. Яна супурги ҳақида фикр билдириб, унинг иши фақат тўдалаш билан машғул бўлгани учун эшик ортида хор бўлиб ётади, дейди.

Бу мақолатга изоҳ сифатида «Айюби халафнинг нохалаф ўғрининг эгрилигин тузгони…» ҳақидаги ҳикоятни келтиради. Бу ҳикоятнинг ҳажми йигирма саккиз байтдан иборат. Ҳикоятнинг мазмуни қуйидагича: Айюб — «башар хайли»нинг инсони, одамийлар одами. Жисми шамдек ишқ ўтида куйган халаф уйида ибодат қилаётган кечаларнинг бирида уйининг томини тешиб ўғри киради. Айюб буни сезса ҳам, эътибор бермай, тоат-ибодатини давом эттиради. Тешикдан тушган ўғри уйдан нимаики топса, йиғиб, тўплаб, ўзи кирган тешикка келтиради. Лекин ўғирлаган нарсалари билан тешикка сиғмайди. Шунда Айюб ўрнидан туриб, эшикни очади ва ўғрига йўл кўрсатади. Ўғри қилган гуноҳини тушуниб, уялиб, пушаймон бўлиб, пирнинг оёқларига бош уриб, тавбага изн сўрайди.

Ҳикоятнинг тасаввуфий талқинида қалб кўзи кўр, одамларга нафи тегмайдиган, тили ҳам, кўнгли ҳам саховатдан бебаҳра кишиларнинг ўғрилик қилиши қораланади. Бу иши хатолигини билиб, ўғри муршидга, тавбага юзланади. Бунда Айюби халафнинг эшик очиб, йўл кўрсатиши — рамз ҳисобланади. Яъни, муридни тариқатга, Ҳаққа бошлашдир. Ҳикоятда адашган, йўлини тополмаган кишини тўғри йўлга бошлаш, уни гуноҳ ва хато ишлардан қутқариш фойдали иш экани таъкидланган.

«Ҳайрат ул-аброр»да одоб-ахлоқ билан боғлиқ ҳикоятлар ҳам бор. Уларда ҳаё, вафо, қаноат, тўғрилик улуғланади. Таъма, ёлғончилик қораланади. Достонда тавозе, ҳаё, бола тарбияси, фарзандга яхши ном қўйиш, ота-она ҳурмати кабиларга тўхталиб ўтилади. Ўттиз учинчи бобда «Нўширвоннинг ҳаёси…» ҳикояти келтирилади. Бу ҳикоят ўн олти байтдан иборат. Унинг мазмуни қуйидагича: Ануширвон ёшлик чоғида бир гўзалга ошиқ бўлади. Бир куни боғдаги хилватда улар учрашиб қоладилар:

Етти ғаму меҳнати бемар анга,

Токи висол ўлди муяссар анга.

Бир чаман ичра тузибон хилвате,

Гулрух ила қилди аён суҳбате.

Нўширвон қўлини ёри сари узатадию, унинг ор-номуси, ҳаёси шу қадарки, кўзи боғдаги наргис гулига тушиб, гулдан уялиб қўлини тортиб олади. Шу ҳаёси сабаб келгусида у адолатли шоҳ даражасига эришади.

Умуман олганда, «Ҳайрат ул-аброр»даги ҳикоятлар ҳозирги замон, глобаллашган дунё, бугунимиз учун ҳам ниҳоятда ибратлидир. Бу асарни ўқиган ўқувчи Алишер Навоий ҳазратларининг ўгитларидан улгу олишига шубҳа йўқ.

Гулбаҳор АШУРОВА,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети

Фузулий номидаги илмий тадқиқот маркази раҳбари,

филология фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?