“Green University”: Ўзбекистонда экологик таълимни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам
Экотизимларга антропоген таъсирнинг кучайиши тенденцияси дунёнинг турли минтақаларида кузатилади. Марказий Осиё ҳудуди ҳам бундан мустасно эмас.
Экологлар жамиятнинг табиатга, унинг ноёб объектларига ва қайта тикланмайдиган ресурсларга муносабатини ўзгартириш зарурлиги ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Хўш, атроф-муҳитга муносабатни қандай ўзгартириш мумкин?
Албатта, табиий ресурслардан фойдаланишни қонунчилик билан тартибга солиш, сув, энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларга ўтиш каби чора-тадбирлар муҳим. Аммо инсонда табиатнинг қадр-қимматини тушуниш, унинг объектларига ғамхўрлик қилиш кўникмаларини шакллантирмасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.
Бу эса, биринчи навбатда, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшларда тизимли экологик билимларни, аҳолининг экологик маданиятини, экологияга йўналтирилган дунёқарашини шакллантириш орқалигина мумкин бўлади. Мазкур мураккаб вазифани ҳал қилиш учун таълимнинг барча босқичларида изчил ва узлуксиз экологик таълим ва тарбия тизимини йўлга қўйиш зарур. Бу, энг аввало, таълим муассасаларининг вазифасидир. Шу билан бирга, бу оиланинг ва шахсни шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган маҳалла ва жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситаларининг энг муҳим вазифасидир.
Экологик муаммоларнинг глобаллашуви кучайиб бораётган бир шароитда фуқаролик жамиятининг ушбу институтларини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жалб этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг экологик онгини шакллантириш, таълим муассасаларида экологик таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан давлат органлари, корхона ва муассасалар учун экология фанлари ва экология амалиёти йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашга мўлжалланган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университетини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар бошланди. Натижада давлатимиз раҳбари томонидан ноёб илмий-маърифий ва инновацион мажмуа – Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университетини (“Green University”) ташкил этиш тўғрисида махсус Фармонқабул қилинди. Бу Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги навбатдаги муҳим ташаббуси ва Ўзбекистон давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларига содиқлиги тасдиғи бўлди.
Айни пайтда университет тузилмаси ва профессор-ўқитувчилари таркибини, лабораторияларнинг моддий-техник базасини, китоб фондини, янги таълим муассасасининг ўқув режа ва дастурларини шакллантириш бўйича жадал жараёнлар давом этмоқда.
“Green University”ни ташкил этишда жаҳоннинг етакчи ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари тажрибасидан фойдаланилади, ўқитувчилик ва илмий фаолиятга энг яхши маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни таклиф этиш режалаштирилган.
Университетни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш жараёнида Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссиясининг Илмий-ахборот маркази мутахассислари томонидан Россия, Қозоғистон, Беларус, Чехия, Полша, Исроил, АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия, Испания, Франция ва Хитойда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолияти ўрганилди.
Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологиялар, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш; экология соҳасида илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун узлуксиз таълим тизимини яратиш, экология фанининг долзарб йўналишлари бўйича фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим жараёнларида етакчи ихтисослашган хорижий таълим муассасалари тажрибасини жорий этиш, хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий марказлари, бизнес ҳамжамиятлари ва халқаро экологик ташкилотлари билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ва бошқалар.
Университет табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида таълим, фан ва ишлаб чиқаришни ўзида мужассамлаштирган ўзига хос ЭCОҲАБ (талаба шаҳарчаси), шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Марказий Осиёдаги таянч олий таълим муассасасига айланади.
Шубҳасиз, бундай таълим муассасасининг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш концепциясида назарда тутилган қатор вазифаларни ҳал этиш имконини беради ва мамлакатимиз ҳамда ва бутун Марказий Осиё минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича вазифаларни амалга оширишда кадрлар билан таъминлаш вазифасини ўтайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг