Ғиждувоннинг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш тажрибаси

16:33 12 Август 2024 Жамият
162 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ғиждувон туманидаги «Гулистонобод» маҳалласида истиқомат қилаётган Азим Бўроновга мусофирчиликдан сўз очманг. Совуқ ўлкаларга ризқ-рўз топаман, деб кетган йигит бошидан қандай қийинчиликларни ўтказгани ёлғиз Яратганга аён. Инсоннинг ўз она юрти, оиласи, жигаргўшаларидан олисда яшаши айтишга осон.

— «Ўз уйим – ўлан тўшагим», деганлари бежиз эмас, — дейди қаҳрамонимиз. — Муҳожирликда туғилган қишлоғинг, яқинларинг, эл-юрт қадри жуда билинади. Мен ўтган йилнинг декабрида уйга қайтдим. Энди нима иш қилсам экан, деган ўйлар гирдобида юрганимда 1-сектор раҳбарлари кутилмаганда хонадонимизга кириб келди…

Бу Азимнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Гап шундаки, оиланинг турмуш тарзи, яшаш шароити, томорқасининг ҳолати билан яқиндан танишган масъуллар ўзаро мулоқот чоғида Азим Бўроновнинг асалари парвариши бўйича билим ва кўникмага эга эканини пайқашди. Қолаверса, ҳовлида парранда ва чорва моллари боқиш учун ҳам имконият мавжудлигига эътибор қаратилди. Пировардида бу оилага банкнинг имтиёзли кредитлари ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 100 қути асалари оиласи, 10 бош қўй ва 30 та товуқ ажратилди. Оила бекасининг тикувчиликка қизиқиши борлигини ҳам назардан четда қолмади. Унга имтиёзли кредит асосида тикув машинаси олиб берилди.

Интилиш, иштиёқ бўлса ҳар қандай кам таъминланган оилани камбағалликдан халос этиш имкони мавжуд. Азим Бўронов мисолида масъуллар худди шунга ишонч ҳосил қилишди. Натижага амалий ишларга киришилди. Тумандаги 75 та маҳалла фуқаролар йиғинига банк ходимлари бириктирилди. Хонадонлар хатлов қилиб чиқилди. Ўрганишлар давомида томорқадан рисоладагидай фойдаланмаётган 1 минг 465 та хонадон ҳамда умуман экин экмаган 89 та оила аниқланди. Бу оилалар соҳиблари билан ҳамкорликда томорқада икки ва ундан ортиқ ҳосил берадиган экинлар экиш йўлга қўйилди.

Банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан кам даромадли 803 та хонадон танлаб олинди. Уларга умумий миқдори 18,7 миллиард сўмлик лойиҳа пакетлари тақдим қилинди. Биз бу ўринда парранда, чорва моллари, асалари парвариши билан боғлиқ ўзига хос кичик бизнес лойиҳаларини назарда тутаяпмиз. Биргина асаларичилик йўналишида мазкур хонадонларга 1,2 минг қути асалари оиласи етказилди.

Бундан ташқари, 290 та хонадонга иссиқхоналар қурилди. 45 тасига эса мотороллер ва мотокултиваторлар тақдим этилди. Шунингдек, 282 нафар хотин-қизга тикув дастгоҳлари берилди. Шу хонадонларга имтиёзли кредит, ҳомийлик маблағлари ҳам ажратилди. Бу каби ишларнинг амалга оширилиши натижасида 1470 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Йил якунига қадар яна 664 нафар кам таъминланган фуқаронинг даромадларини ошириш режалаштирилган.

Мақоламиз бошида тилга олинган Азим Бўроновга келсак, энди унинг ризқ-насиба излаб, совуқ ўлкаларга ишлагани боришига зиғирча ҳожат йўқ. Иш билганга минг танга, деганларидек, ҳозир олий ўқув юртида таҳсил олаётган фарзандларининг ширин ташвишларини қиляпти. Оиланинг ҳам дасти узун бўлиб қолди. Асаларичилик, паррандачилик, тикувчилик ортидан мўмай даромад топмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?