Ғиждувонда қачон кутубхона қурилади?

16:30 22 Август 2024 Жамият
324 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ғиждувон туманидаги «Дилкушо» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Ҳусенов бир юмуш юзасидан йўлнинг нариги бетида жойлашган ахборот кутубхона марказига кирдию нафаси қайтиб қолди. Ташқарига чиқишга шошилди. Негаки мослаштирилган бинода фаолият кўрсатаётган зиё маскани жуда дим эди. Тоза ҳаво йўқлигидан бу ерда юрак ўйноғи бўлиб қолиш ҳеч гапмас.

Маҳалла раисику туман ахборот кутубхона марказига бир зумлик иш юзасидан кирганди. Бу ерда ишлаётган ўндан зиёд ходимнинг, китоб ўқигани келган фойдаланувчиларнинг сабру тоқатларига балли. Буларни ҳам қўйиб турайлик, китобларнинг аҳволини айтмайсизми? Ахир, кутубхоначилар авария ҳолатида деб ҳисоблашадиган ва юрак ҳовучлаб чиқиб тушадиган иккинчи қаватда оз эмас, кўп эмас, 40 мингта китоб сақланмоқда.

Мабодо, жаҳон ва ўзбек адабиётининг ажойиб намуналари жамланган бу китобларга забон битганида улар ўз бошларидан кечаётган аччиқ ва ҳасратли кечмиш ҳақида сўзлаб беришар ва бу дунёнинг энг маҳзун ҳикояларидан бирига айланарди.

Бу ҳақда алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Китобларни сақлаш, асраш, улардан нафақат бугунги, балки келажак авлодни ҳам баҳраманд этишнинг ўз тартиби, меъёрлари бор. Дейлик, улар рисоладагидек ёруғ хоналарда сақланиши керак. Хона ҳарорати 18–20 даража илиқ, намлик 55 фоизни ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Бунда ҳаводаги намлик ва бошқа газлар миқдорини ўлчовчи гигрометрга таянилади. Акс ҳолда димиққан, қоронғи ва зах хонада китоблар моғорлайди. Афсуски, марказда гигрометр ускунасини кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Айтмоқчи, унинг ҳожати ҳам йўқ. Наридан бери мослаштирилган бинода, чироғи ёнмайдиган хоналарда, неча ўн йилдирки, сарғайиб адойи тамом бўлган жавонларда турган китобларнинг аҳволи усиз ҳам беш бармоқдек аён.

— Сирасини айтганда, бир пайтлар кутубхона туппа-тузук бинога, мўъжазгина гулзору экин майдонига эга эди, — дея эслайди меҳнат фахрийси Ражаб Авезов. — Аммо туманнинг ўша пайтдаги раҳбари алланималарни баҳона қилиб, кутубхонани кўчиртирди. Ваҳоланки, эскирган деб ҳисобланса, ўша жойдаги бино ўрнида кутубхона учун замонавий, кўрса ҳавас қилса арзигулик иншоот қуриш мумкин эди.

Айтмоқчи, маърифатпарвар бу инсон шу масалада туман раҳбарларига бир неча бор учрашган ва ҳатто вилоят телевидениесида ташкил этилган тўғридан-тўғри мулоқотда туманнинг ўша пайтдаги ҳокимига мурожаат қилган эди. Ўшанда ҳоким «Бу масалага йўқ, дея жавоб беришнинг иложи йўқ. Биз ҳозир бу масала устида ишлаяпмиз. Шаҳар марказида кутубхона қуришни режалаштираяпмиз. Насиб қилса бу бўлади», дея нафақат Ражаб аканинг, балки ғиждувонлик минглаб китобсеварларнинг кўнглига умид учқунини ёққанди. Аммо вақт кўрсатдики, бу аравани қуруқ олиб қочишдан бўлак нарса эмас экан.

Дарвоқе, ўша кўрсатувда Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи Ражаб аканинг Ғиждувонда маданият марказлари анқонинг уруғи бўлиб кетганига оид саволига ҳам ҳоким жаноблари «Алдагани бола яхши» қабилида жавоб қайтарганди.

Хуллас, ўшанда кутубхонани «Дилкушо» маҳалла фуқаролар йиғини учун бошпана ва шу ҳудуддаги кексалар учун чойхона вазифасини ўтаб турган, ҳашар йўли билан қурилган бинога кўчиришди. Оқибатда қариялар чойхонадан, маҳалла эса бошпанадан ажралиб қолди. Дарвоқе, маҳалла фуқаролар йиғини айни пайтда ҳудуддаги 60-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби биносида ижарада турибди.

Табиийки, анча-мунча маблағ сарфлаб собиқ чойхонани кутубхонага айлантиришди. Аммо бу билан у чин маънодаги кутубхона биносига айланиб қолмади. Ахир, ҳам ходимлар ўтирадиган, ҳам китоблар сақланаётган, ҳам ўқув зали вазифасини ўтаётган, совиткичи йўқ, стол-стуллари «ёши»ни ўтаб бўлган хонани қандай қилиб ахборот кутубхона маркази дейиш мумкин? 22 минг нафар фойдаланувчиси бўлган, 200 мингта фондга эга маскан шундай бўлиши керакми?!

Кутубхона раҳбари Дилдора Муҳаммедова, марказ ходимлари Дилноз Сатторова ва Солиҳа Қодирова билан суҳбатлашганимизда улар туманнинг ҳозирги раҳбари зиё масканига ўтган йили маҳаллий бюджет ҳисобидан 55 миллион сўмга адабиётлар олиб бергани, имкон қадар қўллаб-қувватлаётганини айтишди. Бу эҳтимол, таҳсинга лойиқ. Лекин каттагина пул эвазига харид қилинган китобларни сақлаш, асраш учун кутубхонада оддий бир шароит ҳам бўлмаса, бу тарздаги кўмакдан нима наф?!

Ғиждувон – тадбиркорлик азал-азалдан ривожланган маскан. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг тўкин бозорларини кўздан кечириш, кифоя. Шу билан бирга бу гўшанинг ёшлари илмга, ўқиб-ўрганишга, санъатга ташна. Уларнинг ташналигини шинам кутубхонаю , кўркам маданият масканлари билан қондириш мавриди аллақачон келди.

Токи, ортимиздан таънаю маломат тоши эмас, раҳмат нури ёғилиб турсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?