Гиёҳвандликка қарши курашишга ҳар биримиз масъулмиз
Иллюстратив фото
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларга нисбатан қарши иммунитетни шакллантириш, шунингдек, инсон саломатлигини таъминлашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар пайдо бўлаётгани, улар инсон омилисиз интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида осон тарқатилаётгани масъул давлат тузилмаларининг бу борадаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини тақозо этаётир.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасининг барвақт олдини олиш, аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан “иммунитет”ни шакллантириш орқали генофондимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилган. Ҳозир кунда мазкур стратегия доирасида бир қатор ишлар амалга ошириляпти.
Албатта, гиёҳвандликка қарши курашиш, бу борада талаба-ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда таълим муассасаларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жамоасининг бу борада ўз иш режаси ва тасдиқланган тарғибот режалари мавжуд. Шулар асосида мазкур иллатларнинг оқибатлари, зарари ҳақида ёшларга тушунчалар бериб бориш, бу борадаги билимини ошириш, уларни маънавий жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялашдек муҳим вазифаларга масъулият билан ёндашмоқдамиз.
Таъкидлаш жоизки, талабалар ҳаётида ўқиш, меҳнат ва ижтимоий фаоллик орқали соғлом ҳамда бахтли келажак қуриш имконияти кенг. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши курашда таълим тизими, оилалар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ишлашимиз зарур. Бу, албатта, ўз самараларини беради.
Дарвоқе, гиёҳвандликнинг салбий таъсирини тушуниш, унинг оқибатларини олдиндан англаш учун биз фақат теорияга таянмасдан, амалий ва ижтимоий тадбирлар, давра суҳбатлари, таъсирчан тарғибот тадбирларини ташкил этишимиз керак. Ёшларга гиёҳвандликнинг ҳаётга, соғлиқ ва маънавиятга қандай салбий таъсир кўрсатишини тушунтириб, уларга мустаҳкам маънавий қиёфа ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ёрдам бериши ҳам олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан бири, десам, тўғри бўлади.
Шу ўринда таъкидлашни истардимки, гиёҳвандликка қарши туриш, бу — фақат жисмоний кураш эмас, балки маънавий ва руҳий баркамолликни тарғиб қилиш, демакдир. Биз, ўқитувчилар, фақат илм бериш эмас, балки ёшларнинг инсоний сифатларини ривожлантириш, уларга ҳалол, ҳаққоний ва ватанпарвар бўлишни ўргатиш орқали уларнинг келажагини ҳимоялашга масъулмиз.
Шунингдек, ҳар биримиз ёшларни, ўз ҳаётини соғлом тарзда қуришга чақириш, уларни гиёҳвандлик ва бошқа зарарли иллатлардан асрашни ўз бурчимиз, деб билсак, бу борадаги ишларимиз янада фаоллашади. Қолаверса, ёшларимизни мустаҳкам маънавий қадриятлар, билим ва дунёқараш асосида тарбиялаш орқали, биз юртимиз келажагини яхшилаш ҳамда уни янада фаровон қилиш йўлида муҳим қадам қўйган бўламиз.
Дилноза АМИНОВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети
Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар кафедраси доценти, ф.ф.д. (DSc).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг