Гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли вазифалар белгилаб олинди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг 2022 йилдаги ижроси ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Стратегияни 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан муайян ишлар олиб борилган.
Хусусан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 41 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (1 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 12 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 26 та қарори) қабул қилинган.
Гендерга оид аудит, унинг вазифалари, уни ўтказиш ва натижаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш йўналишида сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилган. Мазкур индикаторлар 2021 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинган.
Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури тасдиқланиб, турли соҳаларда бошқарувчилик салоҳиятига эга 25 055 нафар хотин-қизнинг кадрлар захираси шакллантирилган ҳамда уларни раҳбарликка тайёрлаш бўйича 3 та алоҳида ўқув дастури асосида жами 14 054 нафар хотин-қиз ўқитилган.
Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ишсиз, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 17 930 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар ажратилган.

Шу билан бирга, сенаторларнинг билдиришича, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Хусусан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича фаолиятини самарали ташкил эта олмаганлиги сабабли 2022 йилда эришилиши режалаштирилган айрим мақсадли кўрсаткичлар бажарилмай қолинган.
Масалан, 2022 йилда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида раҳбарлик (ҳокимлар) лавозимида, сиёсий партияларнинг раҳбарлик лавозимларида ҳамда судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши бўйича режалаштирилган кўрсаткичга эришилмаган.

Шунингдек, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021 – 2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасида белгиланган айрим вазифалар ҳам бажарилмасдан қолинган.
Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг гендер тенгликка эришишга қаратилган конвенцияларини ратификация қилиш, улардаги нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек, иқтидорли талаба қизларни рағбатлантириб бориш мақсадида алоҳида стипендия таъсис этиш ишлари охирига етказилмаган.

Мажлис давомида Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур Дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат хизмати, таълим, илм-фан, спорт, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш каби устувор йўналишларни қамраб олинган.

Сенаторлар томонидан Гендер тенгликка эришиш стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгилаб олинган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Комплекс чора-тадбирлар дастури 2023 йилда бажарилишининг бориши Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда уларнинг жойлардаги ижроси маҳаллий вакиллик органлари томонидан доимий назорат қилиб борилиши белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг