Газета ўқилмайди, деганлар адашади
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Қизларини узатиб, ўғилларини уйлантирган, муборак Ҳаж амалларини бажариб, бугунги кунда турмуш ўртоғи Фотима ая билан кексалик гаштини сураётган Ражаб ота Супҳонов Ромитан туман газетаси бош муҳаррири Махфират Атоеванинг ҳузурига келиб, нафақадан жамғарган пулига бир гуруҳ маҳалладошларини обуна қилиш истагини билдирди.
— Очиғи, бундай ҳолатга биринчи бор дуч келишим, — дейди ҳамкасбимиз. — Шу боисдан бўлса керак, алланечук бўлиб кетдим. Қорачиғим ёшга тўлди. ”Одамларни газетага қайтариш керак”, дея таъкидлади отахон. Сўнг эса “Бир парча телефон катта-ю кичикни сеҳрлаб олгандай ўз домига тортди. Фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир этмоқда. Ваҳоланки, китоб, газета-журнал мутолаа қилган оиладан ёмонлик чиқмайди”, дея алоҳида таъкидлади.
Отахон ҳақ. Ижтимоий тармоқларни кузатаётганлар яхши билишади. Уларда ўқиб-ўрганишга арзигулик маълумотлар билан бир қаторда уйдирма гаплар, ёлғон хабарлар, ёшларни чалғитувчи ахборотлар, миллий қадриятларимизга, одоб-ахлоққа зид алланимабалолар исталганча топилади.
— Ахборот майдони денгиздай чайқалиб турган ана шундай кезларда, назаримда, газеталарнинг ўрни, аҳамияти жуда билиняпти, — дейди Бухоро давлат педагогика институти катта ўқитувчиси Шуҳрат Исматов. — Чунки барчамиз истеъмолчи сифатида ҳар томонлама асосли, холис ахборотга эҳтиёж сезамиз.Олди-қочди хабарлар, мазмунсиз матнлар урчиб кетган бир пайтда газеталар биз учун ўзига хос иҳота вазифасини ўтайди. Негаки, улар жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида асосланган маълумотлар беришади. Қолаверса, босма нашр бу ўз номи билан босма нашрдир. Унда тарих муҳрланади. Шахсан мен талабаларга сабоқ бериш жараёнида “Халқ сўзи”, “Бухоронома” каби газеталарнинг бундан ўн-ўн беш йил муқаддам эълон қилинган мақолаларидан ҳам фойдаланаман. Шулардан келиб чиққан ҳолда, муассислар туман, вилоят, республика газеталарини қўллаб-қувватлашса айни муддао бўларди.
Жонкуяр ўқитувчининг фикрлари ўринли. Сир эмас, ҳозирги кунда газеталарнинг моддий аҳволи мақтагулик эмас. Бу бир жиҳатдан обуна масаласига бориб тақалади. Бухоро, Пешку туман газеталари анчадан буён чоп этилмаяпти. Адади атиги 500 – 600 нусха бўлган нашрлар, ойига бир марта чиқиб турган газеталар бор. Бутун бошли қишлоқ, маҳаллага, корхона-ю ташкилотга лоақал бир нусха газета кириб бормаётгани айниқса, афсусланарлидир.
Вилоят ва туман газеталарининг муассислари-чи? Шу саволни ўртага қўярканмиз, беихтиёр чекка бир туман газетаси муҳаррири саналган ҳамкасбимизнинг “Бизнинг ҳоким газета ўқимайди”, деган сўзлари ёдимизга тушади.
Назаримизда, матбуот куч-қудратини яхши англаган ҳар қандай катта-кичик раҳбар газета ўқишни канда қилмайди. Бундан у ютади-ку ютқазмайди...
Яна “Ромитаннома” газетаси муҳаррири Махфират Атоевага қайтамиз.
— Туманимизда газетани қадрлайдиган, қўллаб-қувватлайдиган, уни ҳаммаслак, фикрдош деб биладиган кишилар кўп, — дейди у. — Бундай инсонларни кўз олдимдан ўтказар эканмиз, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилади. Ўқимишли, таҳлилий материаллар қоғозга тушади. Шундай экан, “Газета ўқилмайди” деганлар адашади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг