«Ғайриоддий парвоз»: Техник носозлик сабаб 9 ой Ер орбитасида қолиб кетган астронавтлар уйга қайтмоқда (+видео)

15:07 18 Март 2025 Дунё
565 0

Космик станцияда бор-йўғи бир ҳафта қолишни режалаштирган Суни Уилямс ва Бутч Уилмор космик аппаратдаги носозлик сабаб узоқ вақтга коинотда қолиб кетишганди. Ниҳоят улар Ерга қайтишмоқда, деб хабар бермоқда «NBC News» нашри.

Астронавтлар Уилямс ва Уилмор 2024 йилнинг июнь ойида «Boeing Starliner» капсуласининг биринчи экипажли синов парвозини амалга оширган. Аммо ушбу капсула халқаро космик станция билан туташишда техник муаммоларга учраган. Натижада НАСА улар учган аппаратни ҳеч кимсасиз Ерга қайтаришга мажбур бўлган.

Кеча, 17 март куни, 9 ойдан бери коинотда бўлиб туган Уилямс ва Уилмор ерга қайтиш учун Халқаро космик станцияни тарк этишган. Улар билан бирга станциядаги олти ойлик миссиясини якунлаган НАСА астронавти Ник Хейг ва россиялик космонавт Александр Горбунов ҳам Ерга қайтади.

«Астронавтлар 17 март куни станция билан хайрлашиб, 18 март оқшомида, тахминан 18:00 лар атрофида Флорида соҳилига қўнишлари керак», — дейилади НАСА баёнотида.

Суни Уилямс ва Бутч Уилмор космик станцияда узоқ муддат қолиб кетишганига қарамай, бу жараён уларда яхши таассурот қолдиргани ҳамда Ер орбитасида узоқ вақт яшаш ва ишлашдан завқланишганини таъкидлашган.

«Ҳар кунимиз қизиқарли ўтади. Чунки биз космосдамиз ва бу жуда ажойиб. Аммо қайтишимизнинг аниқ санаси маълум эмаслиги, оила аъзоларимиздан узоқдалигимиз бироз ёқимсиз ҳолат эди», — деган Суни Уилямс.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?