G7 давлатлари «Iran Air»га қарши санкциялар жорий этиши мумкин

23:27 17 Апрель 2024 Дунё
312 0

Фото: Khashayar Talebzadeh

«Катта еттилик» (G7) давлатлари Эроннинг Исроилга ҳужуми туфайли Эроннинг «Iran Air» авиакомпаниясига қарши санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

«Баъзи G7 давлатлари Теҳроннинг 13 апрель куни Исроилга уюштирган ҳужумига жавобан «Iran Air» авиакомпаниясига қарши янги санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда, бу Эрон авиаташувчисининг Европага парвозларини янада чеклайди», — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, санкциялар қўллаш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ Исроилга қарши ҳаво ҳужуми ортидан яқин кунларда Эронга қарши янги санкциялар киритишини маълум қилганди.

Унинг аниқлик киритишича, янги чекловлар Эроннинг ракета ва дрон дастурларига таъсир қилади.

Бунгача Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Питер Стано ташқи ишлар вазирларининг бўлажак йиғилишида Исроилга ҳужумга жавобан Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилганди.

«Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида келажакдаги қадамлар масаласи муҳокама қилинади, бу Европа Иттифоқи ва аъзо давлатларнинг Эроннинг эскалациясига муносабати бўлади», — деганди Стано.

Икки давлат ўртасидаги можаронинг кучайиши Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг шу йилнинг 1 апрель куни Эроннинг Суриядаги консуллигига берган зарбаси туфайли юзага келди. Ушбу ҳужум оқибатида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар зобити, жумладан, корпуснинг Сурия ва Ливандаги Қудс кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва унинг ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий, шунингдек, уч нафар Сурия ва бир нафар Ливан фуқароси ҳалок бўлган. Ўшанда Теҳрон жавоб бериш ҳуқуқига эга эканлигини билдирганди.

Шундан сўнг 14 апрелга ўтар кечаси Эрон қуролли кучлари Исроил ҳудудига 185 та дрон, 36 та қанотли ва 110 та «ер-ер» синфидаги ракеталардан фойдаланган ҳолда йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер