Европа Иттифоқи Эронга қарши янги санкциялар жорий этиши мумкин

18:37 15 Апрель 2024 Дунё
569 0

Иллюстратив фото

Европа Иттифоқи (ЕИ) ташқи ишлар вазирларининг бўлажак йиғилишида Исроилга қарши ҳужумга жавобан Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқадилар. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Питер Стано маълум қилди.

“Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида келажакдаги қадамлар масаласи муҳокама қилинади, бу Европа Иттифоқи ва аъзо давлатларнинг Эроннинг эскалациясига муносабати бўлади”, деди Стано.

Унинг қўшимча қилишича, Эрон вакиллари аллақачон ЕИ санкциялари остида қолган ва Европа Комиссияси махфийлиги сабабли санкцияларни ишлаб чиқиш жараёнига изоҳ бермаслигини таъкидлаган.

Аввалроқ, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ҳам Исроилга ҳужум муносабати билан Эронга қарши санкциялар қўллаш бўйича қонун лойиҳаларини муҳокама қилиши маълум бўлган эди.

Исроил ҳаво кучлари шу йилнинг 1 апрель куни Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон бош консуллиги биносига зарба берган эди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига кўра, бунинг оқибатида етти нафар зобит, жумладан, икки бош маслаҳатчи — корпуснинг Сурия ва Ливандаги Қудс кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва унинг ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳалок бўлган. Теҳрон жавоб бериш ҳуқуқига эга эканлигини билдирди.

Шу боис 13 апрель куни Эрон Исроилга учувчисиз аппаратлар ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Исроилнинг юқори мартабали мулозимига кўра, мамлакат томон юзлаб дронлар учирилган. Кейинроқ бошқа давлатлар, жумладан, Яман ҳам Исроил томон учувчисиз аппаратларни учиргани маълум бўлди.

Исроил, ўз навбатида, Эрон ҳужумига «кучли жавоб» беришга ваъда берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер