Фуқаролик жамияти: ривожланиш, имконият ва натижалар

17:38 03 Декабрь 2024 Жамият
247 0

Тошкент шаҳрида 2 — 6 декабрь кунлари Фуқаролик жамияти ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси каби қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, ақл марказлари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Ҳафталик доирасида бўлиб ўтган Марказий Осиё фуқаролик жамияти халқаро форумида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Иштирокчилар Марказий Осиёда демократлаштириш жараёнида фуқаролик жамиятининг ўрни, нодавлат нотижорат ташкилотларининг маҳаллий ривожланишга қўшаётган ҳиссаси ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали стратегияларини муҳокама қилишди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган фуқаролик жамияти институтлари соҳалар бўйича ихтисослашиб, жамият учун юқори малакали мутахассисларни тайёрламоқда, улар эса турли масалаларга ўз ечимларини илгари сурмоқдалар, — деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. — Айтиш жоизки, ҳозирги кунда ҳукумат ва барча давлат органлари ислоҳот ва ўзгаришларни фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмаслигини яхши англамоқда. Ўзбекистон Президенти томонидан “Жамият ислоҳотлар ташаббускори” тамойилининг илгари сурилаётганлигини ҳам бунинг ёрқин далили сифатида кўрсатиш мумкин.

Шунингдек, Элдор Туляков мамлакатда ақл марказларига бўлган эътиборнинг ортиши, уларнинг қарорлар ва стратегияларни ишлаб чиқишдаги таъсири ҳақида сўз юритиб, бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг аҳамиятига тўхталди.

“Яқинда Ўзбекистон Президентининг парламентга мурожаатида, фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни янада кучайтириш учун Қонунчилик палатасининг ҳар бир қўмитаси қошида жамоатчилик кенгашларини тузиш таклифи берилди.

Шунингдек, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Ушбу ташаббуслар давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, уларнинг фаол иштирокини янада рағбатлантиради”, —деди Марказ раҳбари.

Фуқаролик жамияти ҳафталигида долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун бешта давлат, 40 та халқаро ташкилот вакиллари ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертлар қатнашмоқда. Улар иштирокида очиқ муҳокамалар ва мулоқотлар, муҳим мавзуларга бағишланган ўнга яқин халқаро форумлар, учрашувлар, экологлар ва атроф-муҳит фаоллари учун тренинглар, хайрия акциялари ҳамда тақдирлаш тадбирлари ўтказилади.

 

 

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер