Фуқароларнинг карталаридан 1 млрд сўмга яқин пулларни ўғирлаган киберфирибгарлар қўлга тушди

19:33 14 Июль 2025 Жамият
286 0

«Telegram» орқали зарарли файлларни тарқатиб фуқароларнинг 1 миллиардга яқин пулларини ўмарган киберфирибгарлар қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ИИВ, Тезкор-қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан банк карталаридан пул маблағларини ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилган.

Жиноий гуруҳ аъзолари «Android» қурилмалари учун мўлжалланган ва «Telegram» мессенжери орқали тарқатиладиган «.apk» форматидаги зарарли файллар ёрдамида фойдаланувчиларнинг телефонларидаги СМС-хабарлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва бошқа маълумотларга кириш ҳуқуқига эга чиқишган.

Тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари экани маълум бўлди. Улар «Telegram»да вирусни ўз телефонига ўрнатган фуқароларнинг банк карталари маълумотлари, шунингдек, боғланган телефон рақамларига келган СМС-тасдиқлаш кодлари сақланадиган ёпиқ гуруҳни яратган.

Маълум бўлишича, гумонланувчиларнинг телефон рақамлари кўздан кечирилганда, 177 та банк картасидан қарийб 1 миллиард сўм маблағ ўғирлангани аниқланган.

Ҳозирда республика ҳудудида ушбу жиноий гуруҳнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ушланган, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилоятида фуқарога ёлғон СМС юбориб, уни чув туширмоқчи бўлган сув таъминоти корхонаси ходими қўлга олингани ҳақида хабар қилгандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер