Финляндия компаниялари Ўзбекистонда таълим соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади

18:51 29 Сентябр 2021 Жамият
2761 0

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни «Финляндия — Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда таълимни ривожлантириш» мавзусида онлайн конференция ўтказилди.

Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасида таълим соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан Финляндия ва Ўзбекистон компаниялари учун ўзаро алоқа платформасини яратиш ва шу орқали таълим хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар ва компаниялар учун мос ҳамкорлар топиш ва янги ҳамкорлик ғояларини амалга оширилиши учун зарур шароит яратиш мақсадида ташкил қилинди.

Таълим инспекцияси, Ўзбекистон ва Финляндия ташқи ишлар вазирликлари, Финляндиянинг таълим ва маданият вазирлиги, таълим дастури, миллий таълим агентлиги, Finnpartnership дастури ҳамда Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда икки мамлакатдан 100дан ортиқ турли ташкилот ва компания вакиллари иштирок этди.

Конференция кун тартибидан Ўзбекистон ва Финляндия мамлакатлари таълим тизими барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштириш, мазкур жараёнда амалга ошириладиган лойиҳалар учун яратиладиган имкониятлар ҳамда кўрсатиладиган хизматлар, таълим соҳасида икки давлат ҳамкорлиги борасида эришилган натижалар билан боғлиқ масалалар ўзаро ўрин олди.

Тадбирда сўз олган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев бу борада амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таълим тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган Финляндия таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва юртимизда татбиқ этиш борасидаги ишлар 2020 йил ноябрь ойидан бошланган бўлса, бир йиллик йиллик муддат ичида узлуксиз ва тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Навоий вилоятидан 8 нафар 9-синф битирувчилари Лаппеенранта шаҳрида 3 йил давомида ўқиши фин томонидан молиялаштиришга келишилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Финляндиянинг Турку амалий фанлар университети ҳамкорлигидаги қўшма таълим дастури ташкил этилди. Шунингдек, мазкур университет билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети қошида Ўзбекистон-Финляндия Педагогика институти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу таълим даргоҳи педагогик таълим соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага Финляндиянинг илғор таълим технологияларини жорий қилиш мақсадида ташкил қилинган.

Бугунги тадбир юқоридаги ишларимизнинг узвий давоми ҳамда келгусида кўплаб янги ҳамкорлик лойиҳаларининг асоси бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз. Бу эса ҳамкорликлар доирасининг янада кенгайиши ҳамда таълим хизмати сифатининг ошишига ва амалий натижаларимизнинг ҳар икки мамлакат таълим ривожига ҳисса қўшишига омил бўлади, – деди Улуғбек Ташкенбаев.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Таълим шўбаси раҳбари Дипа Шанкар ҳамкорлик амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталар экан, ЮНИСEФ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Таъкидлаш лозим, мазкур ҳамкорлик лойиҳаларида қатнашиш учун мамлакатимиздаги илмий тадқиқот марказлари ва институтлар, олий таълим муассасалари, ўқув марказлари, нодавлат мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг таълим соҳасига йўналтирилган турли бизнес лойиҳалари орасидан 32 та ташкилот таклифлари саралаб олинди. Тадбир давомида мазкур ташкилотлар вакиллари ўз лойиҳалари бўйича Финляндия вакилларига қисқача тақдимот ўтиб беришди.

Ўз навбатида Финляндия томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган 23 та бизнес лойиҳа ва ташкилот ўз тақдимотлари билан қатнашди. Ушбу ташкилотларнинг қисқача тақдимоти Финляндия ва Ўзбекистон компаниялари учун алоқа платформасига жойлаштирилди.

Финляндиянинг Vision Factory компанияси директори Криста Керанен хоним таъкидлашича, лойиҳаларда иштирок этиш истагида бўлган компания вакиллари платформага кириб ҳар бир ташкилот ҳақида батафсил олишлари ҳамда қайси ташкил билан қандай йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини қолдиришлари ва алоқа ўрнатишлари мумкин.

Шунингдек, ўз навбатида Finnpartnership дастури директори Биргит Невала хоним Финляндия вакиллари Ўзбекистон билан таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлар экан, ушбу тадбир янги лойиҳаларга дебоча бўлиб хизмат қилишини маълум қилди.

– Аввало мазкур тадбирни ўтказишда Таълим инспекцияси томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни олқишлайман. Ушбу давра суҳбати Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида таълим соҳасидаги рақамли технологиялари йўналишларида фаолият олиб борувчи компанияларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириши учун муҳим омил ҳисобланади.

Бугунги мулоқот ўзаро эҳтиёжлар бўйича тасаввурларни шакллантиришга хизмат қилган бўлса, кейинги тадбирларда томонлар ўртасида ўзаро учрашувлар ташкил этилиб, жараён янада такомиллаштирилади, – деди Finnpartnership компаниясининг дастурлар бўйича директори.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 12 октябрь ҳамда 9 ноябрь кунлари тадбирнинг кейинги босқичлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунда томонлар гуруҳларга бўлинган ҳолда бизнес лойиҳалари бўйича амалга ошириладиган ҳамкорлик алоқалари бўйича батафсил маълумот бериш ҳамда истиқболдаги режаларни ўзаро муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.

Маълумот учун: Finnpartnership – Финляндия ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган ва Finnfund томонидан бошқариладиган бизнес ҳамкорлик дастури бўлиб, фин компаниялари учун ривожланаётган мамлакатларда бизнес имкониятларини баҳолашдаги зарур молиявий маблағ, алоқа ва маслаҳат хизматларини кўрсатади. Шу билан биргаликда, фин компаниялари томонидан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик лойиҳалари учун маблағ ажратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер