Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятидаги баланд тоғли кўллар ҳолати назорат қилинмоқда

15:39 11 Ноябрь 2023 Жамият
198 0

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Ойгаинг ва Пском дарё ҳавзаларида жойлашган Шавиркул ва Ихнач (катта, пастки ва юқори) кўллари ёрилиш хавфи мавжуд кўллар ҳисобланади.  

Мазкур ҳудудларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология қўмитаси билан биргаликда юқори тоғ тизимларидаги кўлларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши тўғрисида ўз вақтида  огоҳлантириш мақсадида доимий кузатув ишларини амалга оширади.  

Маълумот учун, Ихнач катта кўли, денгиз сатҳидан 2508 м баландликда жойлашган бўлиб, 4,8 млн м3 сув ҳажмини сиғдира олади. Кўл юзаси 0,33 км2, ўртача чуқурлиги 14,5 м, узунлиги 1,5 км, ўртача кенглиги 216 метрни ташкил этади. Ихнач пастки кўли эса денгиз сатҳидан 2460 м баландликда жойлашган бўлиб, 900 минг м3 сув ҳажмини сиғдиради. Кўл юзаси 0,09 км2, ўртача чуқурлиги 10 м, узунлиги 0,5 км, ўртача кенглиги 170 метрни ташкил этади. Шавуркул кўли денгиз сатҳидан 2750 м баландликда жойлашган бўлиб, 3,8 млн м3 сув ҳажмини сиғдира олади. Кўл юзаси 0,40 км2, ўртача чуқурлиги 9,7 м, узунлиги 1,4 км, ўртача кенглиги 270 метрни ташкил этади. 

“Бундай мониторинг ҳар йили бир неча босқичда ўтказилади — бирламчи кузатиш (кўлда май-июнь ойларида сув тўплана бошлаган даврда), асосий кузатиш (июль-август ойларида кўлда максимал сув тўпланиши даврида) ва охирги кузатув (сентябрь-октябрь ойларида кўл бўшатилгандан сўнг)“, – деди гидрометеорологик кузатувлар бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов.

Таъкидлаш керакки, ҳудуддаги Майдонтол ва Ойгаинг дарёларига Германия технологияси асосида автоматик сув ўлчаш ускуналари ўрнатилган. Бу орқали дарёларнинг сув сатҳи доимий тарзда кузатиб борилади. Чунки мазкур ҳудудда дарёлар қўшилиб, Пском дарёсини ҳосил қилади. Пском дарёси эса Чорвоқ сув омборига қуйиладиган асосий дарёлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Майдонтол ва Пском дарёларидаги сув ҳажмини доимий мониторинг қилиб бориш муҳим саналади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер