Фарғоналик ёшлар «Беш ташаббус олимпиадаси» финал босқичида иккинчи ўринни эгаллади

12:27 01 Июль 2022 Жамият
579 0

Фото: Халқ сўзи

Ёшлар ойлиги доирасида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган «Беш ташаббус олимпиадаси» келажагимиз ворислари ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, йигит-қизларни оммавий спортга жалб этиш ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада яхшилашда, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзига хос бу «кичик олимпиада» мусобақаларида маҳаллада яшовчи фаол ва уюшмаган ёшлар муштарак мақсад йўлида ўзаро жипслашиб, ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилгани эътиборга сазовордир.

Қувонарлиси, мазкур мусобақа Фарғона вилояти ёшлари учун омадли келди. Ҳудудий саралаш босқичларида муваффақиятли қатнашган фарғоналик йигит-қизлар республика босқичида ҳам яхши натижаларни қўлга киритдилар. Вилоят ёшлари шахсий ва жамоавий ҳисобда 8 та биринчи, 11 та иккинчи ва 9 та учинчи ўринни эгаллаб, 28 маротаба шоҳсупага кўтарилишди ҳамда умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.

— Умидли ёшларимиз спортнинг енгил атлетика, шашка, стол тенниси, волейбол, стритбол каби турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда пешқадамлик қилдилар, — дейди Фарғона вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов. — Натижада бу спортсевар ёшлар истиқомат қиладиган маҳаллаларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан универсал спорт майдончалари қуриб бериладиган бўлди. Демак, маҳаллаларимизда йигит-қизларнинг бўш вақтини спорт билан ҳамнафасликда ўтказиши учун имкониятлар янада кенгаяди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?