Фарғонада ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотлари топширилди
Фарғонада Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ соҳа фидойиларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоятда таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари, фахрийлар, зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров барчани яқинлашиб келаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этиб, Янги Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ҳаётбахш ислоҳотларнинг амалий самаралари хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Айни жараёнда ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати юксак эътироф этилаётганлиги, қатор имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
— Ўқитувчи сифатида 50 йилдан буён қадрдон мактабда фаолият кўрсатиб келмоқдаман, — дейди Фарғона шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Раҳима Мирзаева. —Бу йилги касб байрами олдидан ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди. Президентимиз фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.

Шунингдек, 15 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказди. Унда фарғоналик бир гуруҳ ҳамкасблар ҳам қатнашиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган эзгу ташаббуслар қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Бундай эътибор ва рағбатдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Ҳозирда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия каби дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари олий таълим муассасаларида таълим олаётган ва ишлаётган шогирдларим кўпчиликни ташкил этади. Бу йил ҳам ўнлаб битирувчиларимиз хорижнинг нуфузли ОТМлари талабаси бўлди. Буларнинг барчаси соҳадаги янгиланиш ва ўзгаришлар самараси, албатта.
Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилоятида 955 та давлат умумий ўрта таълим мактаблари, 21 та Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 100 дан ортиқ нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолияти ташкил этилган.
Айни пайтда ушбу билим даргоҳларида 721 минг 556 нафар келажагимиз ворислари таълим-тарбия олмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг