Фарғонада илк бор «Истиқболли давлат хизматчиси – 2025» танлови бўлиб ўтди

13:34 17 Ноябрь 2025 Жамият
163 0

Фарғона вилоятида тажриба сифатида «Истиқболли давлат хизматчиси – 2025» танлови ўтказилди.

Танлов Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси алоҳида эътироф этилди. Бу янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида давлат бошқарувида билимли, салоҳиятли ва Ватанга садоқатли мутахассисларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади.

— Бугун давлат хизматчиси бўлиш — бу шунчаки оддий иш эмас. Бу — халқ ишончини оқлаш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш демакдир, — деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Бу ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, юксак масъулиятини талаб этади.

Таъкидланишича, инсон ресурси ислоҳотлар драйверига айланган бугунги даврда ҳар бир мутахассис тинимсиз изланиши, билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашга интилиши зарур.

— Вилоят миқёсида 700 нафар дан зиёд давлат хизматчилари иштирок этган танлов 5 босқичда ўтказилиб, иштирокчилар орасидан 63 нафар муносиб номзод саралаб олинди, — дейди Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Фарғона вилояти бўлими раҳбари Аҳаджон Акбаров. — Танлов якунларига кўра, Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба бошлиғи Жамшидбек Жаҳбаров фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Фурқат тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Гулзода Мухторова ҳамда Фарғона вилояти адлия бошқармаси шўъба бошлиғи Зиёдбек Ҳалимжонов иккинчи ва учинчи ўринга муносиб топилди. Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Танлов якунида барча ғолибларга сертификатлар топширилди. Шунингдек, танлов қатнашчилари кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, келгусида янада самарали фаолият олиб бориш ва юрт равнақ-ривожига муносиб ҳисса қўшишга ваъда бердилар.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер