Фарғонада автомобиль йўлининг бир қисми ўпирилиб тушди

11:21 24 Февраль 2025 Жамият
174 0

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида автомобиль йўлининг бир қисми ўпирилиб тушгани, ҳодиса оқибатида йўлдан ўтаётган «Damas» чуқурга ағдарилиб кетгани тасвирланган видеолар тарқалди. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 23 февраль кунидан 24 февраль кунига ўтар кечаси Фарғона вилояти Бағдод тумани «Қахат» МФЙ ҳудудидан ўтган Д-105 «Фарғона ҳалқаси» автомобиль йўлининг 286-километрида фавқулодда ҳодиса юз берган. Йўлнинг ўнг томонидан оқиб ўтувчи Фарғона каналида сув сатҳи кўпайиб автомобиль йўлининг таг қисмидан сизиб ўтиши оқибатида асфальт йўл қопламасида чўкиш юзага келган.

Фарғона вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот хизматига кўра, мазкур ҳудудда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли вақтинча транспорт воситалари ҳаракати чекланган. Чеклов вақтида ушбу ҳудудни айланиб ўтишлик учун 40В 047 «Бағдод-Дашт- Ултарма» (Қўқон-Фарғона) ва 40В 046 «Янги қўрғон-Ултарма-Қақир» (Фарғона-Қўқон) автомобиль йўллари орқали ҳаракат ташкил этилган.

Қўшимча қилинишича, таъмирлаш ишлари 24 февраль куни соат 18:00 га қадар якунланиб, транспорт воситаларининг ҳаракати қайта йўлга қўйилиши режалаштирилган.

«Ушбу чеклов вақтида тирбандликлар ҳосил қилмай айланма йўллар орқали ҳаракатланишингизни сўраб қоламиз», дейилади тегишли ташкилотлар муносабатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?