Фарғона водийсидаги «заправка»ларга 2 кун газ берилмайди

10:32 04 Сентябр 2025 Жамият
80 0

Жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қурилган янги магистраль газ қувурини тармоққа улаш ишлари олиб борилади. Шу боис водий вилоятларида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчилар газ таъминотидан вақтинча узилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи «Оҳангарон–Пунгон» магистраль газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қувур қурилиши якунига етказилган. Мазкур қувурнинг ишга туширилиши водий вилоятлари истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Ушбу янги қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари олиб борилиши муносабати билан 2025 йил 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида «Оҳангарон–Пунгон» магистраль газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади.

Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда таъмирлаш ишлари вақтида (5-6 сентябрь кунлари) Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чеклов киритилади.

Қайд этилишича, юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда водий вилоятлари истеъмолчилари учун автобензин ёқилғисининг сотувга чиқариш ҳажми оширилади.

Шунингдек, ушбу қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳоли истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилиши таъкидланган. «Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?