Фарғона водийсидаги кўҳна шаҳар харобалари халқаро миқёсда ўрганилмоқда

16:48 13 Сентябр 2023 Жамият
535 0

Фото: “Халқ сўзи”

Марҳамат туманида “Кўҳна довон сирлари” мавзусида археология ва туризм йўналишидаги халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой давлатлари олимлари иштирокида ҳудуддаги “Мингтепа ёдгорлиги”да амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси вазифалар юзасидан фикрлар ўртоқлашилди.

— Мингтепа Фарғона водийсидаги йирик шаҳарнинг кўҳна харобаси ҳисобланади, —дейди Хитой ижтимоий фанлар академияси археология институти профессори Лео Тао. –Шу кунгача амалга оширилган тадқиқот ишлари уни Довон давлатининг Эрши шаҳри эканлигини тасдиқламоқда.

Айни пайтда хитой ва самарқандлик олимлар иштирокида бу ерда илмий изланишлар олиб бориляпти. Натижада ер остида қолган шаҳарнинг девори ҳамда қабристон топилди. Илмий изланишлар инсон суяклари Милодий эрамиздан аввалги I-II асрларга мансуб эканлигини тасдиқлади. Бошқа далилий ашёлар эса Эрши Довон давлатининг пойтахти бўлганлигини исботламоқда.

Келгусида бу борадаги хулосалар янги маълумотлар билан бойийди ва ушбу манзил Буюк Ипак йўлида жойлашган энг муҳим объектлардан бири эканлиги тасдиқланади. Бугунги форум бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада жонлантиришга хизмат қилади.

Форум давомида, шунингдек, Фарғона водийсининг қадим ва ўрта асрлар археологияси, этнографияси, тарихий муаммолари ва уларнинг таҳлилига оид маърузалар ҳам тингланди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер