Фарғона вилоятида «катта танаффус»га қандай тайёргарлик кўрилди?
Фото: «Халқ сўзи»
Ўқувчилар узоқ кутган вақт – ёзги таътил ҳам бошланмоқда. Агар таъбир жоиз бўлса, уч ойлик таътил даврини ўғил-қизларимиз учун «катта танаффус» сифатида эътироф этиш мумкин.
Хўш, жорий йилги мавсумни мароқли ўтказиш мақсадида Фарғона вилоятида қандай саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда? Шу савол билан мухбиримиз Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Давлатжон Бобоевга мурожаат қилди.
– Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрь кунги «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, – дейди Д. Бобоев. – Айни йўналишда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 март, Фарғона вилояти ҳокимининг 24 апрель кунги қарори асосида «2024 йил ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги мажлис баёнлари имзоланган.
Шундан келиб чиқиб, бу йилги ёз мавсумида Фарғона вилоятида 14 та стационар оромгоҳлар фаолият юритиши ва уларда 10 минг 610 нафар (7-14 ёшдаги) ўғил-қизлар дам олиши ҳамда соғломлаштирилиши белгилаб олинди. Соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш мақсадида жорий таъмирлаш ишлари 25 май санасига тўлиқ якунланди.
Тараддуд ишлари доирасида 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Мисол учун, Риштон туманида жойлашган «Риштон» оромгоҳида чўмилиш ҳавзаси қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қувасой шаҳридаги «Водий гавҳари» оромгоҳига янги ичимлик суви тармоғи тортилди.
Ўз навбатида, вилоятда ўқувчиларни йил давомида мароқли ҳордиқ чиқаришларига эришиш ҳам устувор вазифалар сирасига киритилган. Шу мақсадда жорий йилда вилоятнинг олис Сўх туманида жойлашган «Сўх» оромгоҳи ёзги мавсумдан ташқари сентябрдан май ойигача фаолият олиб бориши режалаштирилди. Ҳозирда бунинг учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бундан ташқари, мавсум ҳозирлиги жараёнида Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш, вилоят мактабгача ва мактаб таълими, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан барча оромгоҳларда болаларни дам олдириш, соғломлаштириш бўйича белгиланган талабларга риоя этилганлиги ўрганилди ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Шунингдек, мавсум давомида болалар соғломлаштириш оромгоҳларида фаолият олиб борадиган катта тарбиячи, тарбиячи ва етакчилар учун Департамент томонидан ҳар бир давра учун 12 кунлик намунавий дастур ишлаб чиқилди. Ўтган даврда дастурнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган тадбирларни ташкил этиш бўйича ўқув-семинар ташкил этилиб, тарбиячи ва етакчиларнинг малакаси оширилди.
«Халқ сўзи» мухбири Ботир МАДИЁРОВ ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг