Фарғона шаҳри ва туманида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари нега эътибордан четда қолмоқда?
Фото: “Халқ сўзи”
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров айни жараёндаги ишлар билан танишиш асносида Фарғона шаҳри ва Фарғона туманидаги мавжуд ҳолатни кескин танқид қилди. Хусусан, Фарғона шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўта қониқарсиз эканлиги боис шаҳар ҳокими Восилжон Назаров ҳамда секторлар раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди.

Мисол учун, биргина шаҳар маркази — ал-Фарғоний кўчасида эътиборсизлик туфайли экилган манзарали дарахтларнинг қуриш ҳолатлари кузатиляпти. Пиёдалар йўлаклари абгор ҳолатда, ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг атрофи ободонлаштирилмаган. Сув йўллари тозаланмагани сабабли чиқиндиларга тўла. Автобус бекатларида йўловчилар учун қулай шароитлар яратилмаган. Тадбиркорлик субъектлари ушбу бекатлардаги йўловчилар учун ажратилиши керак бўлган ҳудудлардан омборхона, савдо шохобчаси сифатида фойдаланиб келмоқда.

Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари вилоят раҳбарига бу борада кўплаб эътирозларини билдирди. Айтайлик, яқин йилларда эзгу ташаббус доирасида ташкил этилган “Ақлли бекат”лар умуман йўловчиларга хизмат қилаётгани йўқ. Режага кўра, замонавий автобекатларда йўловчиларга қишда иссиқ, ёзда салқин кутиш зали, бепул интернет бўлиши керак эди. Амалда эса автобекатлардан тадбиркорлар фақат ўз манфаати йўлида фойдаланаётир.

Шунингдек, Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан бирга Фарғона туманида ҳам бўлиб, асосий йўллар четларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўрганиб, бу борадаги ишларга танқидий баҳо берди.

Маълум бўлишича, катта автомагистраль йўллари четларида дарахт экилмаган майдонлар мавжуд. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш кетиш ишлари яхши йўлга қўйилмаган. Суғориш тизимлари тартибли ташкил этилмаганлиги сабабли аввалги йилларда экилган дарахтлар қуриб қолмоқда. Ўз навбатида йўл бўйларида ноқонуний қурилмалар, тартибсиз жойлаштирилган реклама пешлавҳалари кўзга ташланади.

Юзма-юз ўрганишлар давомида вилоят раҳбари Фарғона шаҳри ва Фарғона туманидаги ҳолатни кескин танқид қилди. Шу ернинг ўзида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича икки ҳудуднинг секторлар раҳбарлари ҳамда вилоят корхона-ташкилотлари масъулларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг