Фарғона давлат университетида Республика ўқув семинари: «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятини ўрганамиз
Фото: Халқ сўзи
Ёшлар юртнинг келажагини, унинг эртанги тақдирини ҳал қилувчи катта кучдир. Шу боис мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг аниқ устувор йўналишлари белгилаб олинди. Улар билан тизимли ишлаш бўйича янги ўзига хос тартиб ва механизмлар жорий этилди. Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртларида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Фарғона давлат университетида ёшлар билан ишлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этишда илғор тажрибалар яратилган. Мазкур олий ўқув юрти ён-атрофидаги маҳаллалар учун маънавият маркази, маданият ўчоғи бўлиб хизмат қиляпти. Давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш каби мақсадларга хизмат қилади. Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди ва вазифалари белгилаб берилди.
Фарғона давлат университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари иштирокида бўлиб ўтган бир кунлик Республика семинари ҳам айнан ушбу қарор мазмун-моҳияти, унинг тарғибот-ташвиқотига бағишланди.
Ушбу тренингга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вилоят ҳокимлигидан, Республика ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар, Олий таълим муассасаларидан келган ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари - янги таъмирдан чиқарилган Педагогика ва психология факультети биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси садолари остида ҳилпираётган юртимиз байроғи университет узра баланд кўтарилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари ва ёшлар бўйича ўринбосари Юсуф Абсоатов, Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи, Норим Рахмонов, Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулла Қосимовлар қатнашдилар.
Иштирокчилар ва меҳмонлар янги ўқув биноси билан танишар эканлар, бу жойда фаолият олиб бораётган университет Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти кенгаши хонасида бўлдилар ва ёшлар билан самимий суҳбат ўтказдилар.
Бу жараёнда тадбир иштирокчилари ўқув биносидаги дарс машғулотлари, Гимнастика зали билан танишишдилар ва бунда «Устоз-шогирд» асосида иш олиб бораётган талабаларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилдилар. Бу ерда қарор ижросига киришган ҳолда, унда белгиланган соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида — мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларни ташкил этиш режалари тақдимотлар орқали кўрсатиб ўтилди.
Семинар иштирокчиларига юқори кайфият улашиш мақсадида «Нилуфар» талабалар театр студиясида ташкилланган Фарғонача аския базми ва ёшларнинг спектакль намойиши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Фарғоналик машҳур кулги усталари томонидан самимий ҳазилга йўғрилган мутойибалар, латифа ва аскиялар барчага ўзгача ҳуш кайфият улашди. Тадбир иштирокчилари Фарғона пайровлари ва аскияларидан баҳраманд бўлдилар.
Улар минтақада ягона бўлган янги амалий тажрибалар маскани - Фарғона давлат университетининг «Гендер тенглик масалалари» тадқиқот маркази ва «Болажон» инновацион маркази фаолиятини ҳам ўрганиб, иш жараёни билан қизиқдилар. Қарорда қайд этилган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, айниқса, бу борада ёш оналар билан алоҳида ишлаш юзасидан қилинган ишлар тақдим қилинди.
Маълумки, олийгоҳнинг мазкур «Гендер тенглик масалалари» тадқиқот маркази хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш, илмий салоҳиятларини кучайтириш ва мавқейини юксалтириш, ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. «Болажон» инновацион маркази эса оилали, ёш фарзандлари бор бўлган талаба-қизларнинг таълим олишида уларга қулайлик яратиш, шунингдек бутун университет жамоаси хотин-қизлари фарзандлари тарбиясига кўмаклашиш, талабаларнинг амалиёти, ўқув лаборатория машғулотларини амалга ошириш каби муҳим йўналишларни амалга оширади.
Семинар аввалида Фарғона давлат университети билан танишув давом этар экан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида олийгоҳда амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Бу борада ҳарбий ва жисмоний таълим йўналишидаги ўқув биноларида ёшларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Ҳарбий таълим факультетининг талаба-ёшлари томонидан саф тайёргарлиги, қўл жанги, қурол ўйнатиш машқлари намойиш этилди. Факультетда ташкил қилинган «Амир Темур», «Иқтидорли талабалар», «Ватан азиз - жасорат мангу» бурчаклари семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди, ҳарбий-тактик амалиёт, ўқув жараёнлари ҳам меҳмонлар диққат-эътиборида бўлди. Ўқотар қуроллардан фойдаланишни ўрганиш, уларни йиғиш ва сочиш, нишонга олиш каби муҳим амалиётлар ўтказилувчи тир машғулотлари хонасида иштирокчилар ўз жанговар ҳолатларини синовдан ўтказдилар. Фотоэлектроника ўқув-симмулятор хонаси, Ҳарбий бокс, Ҳарбий қўшинларни кундалик фаолиятини бошқариш хонаси ҳам иштирокчилар нигоҳида бўлди. Президентимиз қабул қилган янги қарор бўйича ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида — «Ёш чегарачи», «Ёш қутқарувчи», «Қувноқ стартлар», «Темурбеклар», «Тўмарис маликалари», «Шунқорлар», «Мен ҳам аскар бўламан» акциялари ва ҳарбий қисмларга саёҳатлар айнан шу Ҳарбий таълим факультети жамоаси бошчилигида ташкилланаётгани эътироф этилди.
Олий таълим муассасалари вакилларининг навбатдаги ташрифи - университет спорт мажмуасидаги сув ҳавзаси, волейбол ҳамда кураш мусобақалари майдони бўлди.
Семинар дастури доирасида тадбирлар давом этар экан, иштирокчилар учун ташкилланган маданий дастур, водийнинг машҳур хонандалари ижросидаги дилтортар куй ва қўшиқлар Фарғона давлат университетига баҳорий нафас, Наврўзи айём тароватини олиб кирди.
Ёшларимиз - Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг марказий манбаидир.
Шу боис, Республика семинари доирасида Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан Муҳтарам Президентимизнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Қарори, унинг чуқур мазмун-моҳияти ва ижтимоий аҳамияти олийгоҳ талаба-ёшларига тушунтириб, тақдимотлар, амалий ва ҳаётий мисоллар орқали ёритиб берилди. Бунда қарорда келтирилган асосий вазифалардан - маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, беш муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича келгуси лойиҳалар намойиш этилди.
Шу куни талаба-ёшларнинг илмий, ижодий, бадиий ҳамда касбий маҳоратлари акс этган кўргазма материаллари, ранг-тасвир санъати намуналари, уларнинг ўз қўллари билан тайёрланган, ўзбекона миллий қадриятларимизни намоён этгувчи ҳунармандчилик буюмлари, дурадгорлик маҳсулотлари ҳам кўпчилик эътиборида бўлди.
Шунингдек, Зооинженерия: асаларичилик, анорчилик тупроқшунослик, доривор ўсимликлар етиштириш каби соҳаларда, физика-техника, математика-информатика, табиий фанлар йўналишларида илмий-амалий тадқиқот ишлари олиб бораётган талабалар, магистрлар фаолияти ҳам меҳмонлар эътиборини тортди.
Тадбирлар доирасида олийгоҳда бунёд этилган "BOOK CAFE" биносининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маскан талабалар ва университет жамоасининг эркин ва мустақил тарзда ўз устида ишлашлари, бир пиёла чой устида ижодий мулоҳазалар юритишлари, бадиий ва адабий асарлар мутолаа қилишлари, шунингдек, бепул WIFI зонаси ёрдамида интернет манбаларидан фойдаланишлари учун қулай шароит яратади. Эндиликда "BOOK CAFE«да давлатимиз раҳбари қарори ижроси доирасида ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида — «Бир миллион дастурчи», «Дастурлашга биринчи қадам» лойиҳаларини амалга оширилади, шунингдек, киберспорт чемпионати ва «Ахборот технологиялари билимдони» танлови ҳам ўтказиб борилади.
Очилиш маросимидан сўнг семинар қатнашчилари иссиққина қаҳва ва ширинликлар устида фикр алмашдилар.
Навбатдаги тадбирда меҳмонлар университетнинг зукко талабаларидан иборат гуруҳларнинг «Заковат» интеллектуал ўйинини томоша қилдилар. Давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Қарорида ёшлар етакчисининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган - ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини, маънавий ривожланишини таъминлашда бу каби ўйинларни ўрни беқиёс, албатта.
Мазкур ўйинни университет ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов очиб берар экан, ўз нутқида мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз томонидан «Заковат» ўйинини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтди ва ёшларга ақл жангида омадлар тилади.
Шунингдек, тадбирда сўз олган Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов ақл ва заковатнинг кучи, илм ва маърифатнинг инсон ҳаётидаги ўрни хусусида, Фарғона заминидан етишиб чиққан закий олимлар, буюк донишмандлар, зиёкорлар тарихи тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. «Заковат» беллашувларида Республика ОТМларидан ташриф буюрган проректорлар ҳам иштирок этиб, бир жамоа сафида ўйинга қўшилдилар.
Шундан сўнг олийгоҳ меҳмонлари университет ахборот-ресурс марказида бўлиб, талабалар ўртасида ўтказилаётган «Энг яхши китобхон» кўрик-танлови босқичларини кузатдилар. Китоб ва китобхонликнинг самараси, бу борада устозларнинг китобсеварликка даъвати, бадиий адабиётнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Университет тузилмасидаги «Қатағон қурбонлари» музейи ҳам семинар иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди. Улар музейда қатағон даврида миллатга маърифат улашиб, жасорат кўрсатган жадидчи аждодларимиз, халқимиз бошидаги тушган «пахта иши»нинг асл тарихи, «қулоқ» сиёсати, Фарғона вилояти ва унинг аҳолиси тақдирида муҳим ўрин тутган давлат ва жамоат арбоблари, минтақа маданияти, адабий муҳити ҳақида тўлиқ, қимматли маълумотларга эга бўлдилар.
Куннинг иккинчи ярмида семинарнинг асосий мақсадига – яъни - Президентимизнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятини ўрганишга киришилди.
Бунда Фарғона давлат университети тажрибаси мисолида олийгоҳ ва маҳалла ҳамкорлиги, «маҳаллабай» ва «талабабай» ишлаш тизими, бу борада ёшлар етакчисини ҳар томонлама етук мутахассисга айлантириш, ота-оналар ва маҳалла фаоллари, маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаш методлари, ёшлар манфаатларига хизмат қилувчи ташкилотлардан унумли фойдаланиш, қарорда белгиланган «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритилиши, улар билан самарали иш ташкил қилишни ўрганиш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Семинар-тренингда иштирок этаётган ОТМларнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари чиқишлари ҳам мунозараларга бой бўлди. Улар томонидан маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида билдирилган таклифлар ва тавсиялар ўзаро баҳсларда, мулоҳазаларда янада ривожлантирилиб, тажрибалар ўртоқлашилди. Бунда талабаларни қарорда кўрсатилган тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи — «Ўзбекистон учун 100 ғоя» ва «Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори» танловлари, «Бизнесга биринчи қадам» грант лойиҳаси ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан учрашувларини ташкил этиш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Иштирокчилар тренингда ўзлаштирган билим ва кўникмалари хусусида фикр билдирар эканлар, Фарғона давлат университетида ўтказилган семинар ўз мақсадларига эришганлиги музокараларда намоён бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг