Европанинг авиакосмик пойтахти Тулузада Мирзо Улуғбек ҳайкали қад ростлади
Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳудудлараро дипломатияни ривожлантириш доирасида Европанинг авиакосмик пойтахти Тулуза шаҳрида жойлашган Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти ҳудудида буюк астроном олим, математик ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳайкали очилди.
Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси, Тулуза шаҳри мерияси, Франция космик тадқиқотлар институти, Фуқаролик миллий авиацияси институти раҳбарияти ва ушбу мамлакатнинг илмий-академик, маданий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбаев, буюк аждодимиз меросини тарғиб этиш мақадида бунёд этилган ушбу ёдгорлик Ўзбекистон ва Франция ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 31 йиллиги доирасида ўтказилаётгани рамзий маънога эга эканлигини таъкидлар экан, Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддуни ривожланишига қўшган ҳиссаси, хусусан, астрономия соҳасидаги улкан кашфиётлари тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Хайдаров Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама муносабатлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг юксак даражаси билан ажралиб туришини таъкидлади.
«Бугун эса ана шундай ўзаро дўстона алоқаларни давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Европанинг астрономия пойтахти бўлмиш Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилди», деди у.
Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти бош директори Оливе Шансу, ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳайкали учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, ушбу ёдгорлик орқали кўплаб Франциялик талабалар авиация соҳасида ўта муҳим ҳисобланадиган математика, физика, астрономия каби фанлар ривожида Мирзо Улуғбекнинг муҳим ўрни борлигини билиб олишади.
Таъкидлаш керакки, Мирзо Улуғбек ҳайкалини Тулуза шаҳрида ўрнатиш борасидаги келишув Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасининг 2020 йилда Тулуза шаҳри мерияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашуви доирасида муҳокама қилинган.
Мирзо Улуғбекнинг мисдан барпо этилган ҳайкали муаллифи - самарқандлик ҳайкалтарош Умирзоқ Шарипов. Ушбу ёдгорликнинг бўйи 240 сантиметрни ташкил этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг