«Эски шаҳар»ни сақлаб қолиш керак 

13:30 15 Февраль 2021 Жамият
1472 0

Касб тақозоси туфайли дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлишимизга тўғри келади. Улар орасида менга, айниқса, Грузияга бўлган саёҳат катта тассурот қолдирган.

...Бизни тоғлар бағрида жойлашган мўъжаз Сигнаги шаҳарчасига олиб боришди. XVIII асрда подшо Ираклий II даврида барпо қилинган шаҳарнинг эски қалъаси ҳамон кўз ўнгимда. Салкам 40 гектар ҳудудни эгаллаган 28 та минораси бўлмиш қалъа деворларининг узунлиги 2,5 километрга тенг. Шунингдек, бу ерда XIX асрни эслатувчи тураржой бинолари қад ростлаган. Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ушбу иншоотлар эскича усулда таъмирланиб, йўллар қурилибди, янги меҳмонхона ва ресторанлар очилибди. Бир қатор тураржой бинолари хусусий меҳмонхоналарга айлантирилибди.

“Эски биноларни сақлаб, яхши иш қилибсизлар”, десам, “қаёқда, буларнинг аксарияти 2005 йилдан кейин қурилган”, деган жавобни эшитдим. Маълум бўлишича, ҳукумат эски биноларни бузган, аммо уларнинг асл кўриниши сақлаб қолинган ҳолда, янги уйлар қурилган ва бунинг учун кредитлар берган. Яъни миллий меъморчилик сақлаб қолинган...

Худди шундай ҳолатни Озарбайжон пойтахти Бокунинг “Ичери шеҳер”и (эски шаҳари)да ҳам кўриш мумкин. 221 минг квадрат метрни ташкил қилган, атрофи қалъа деворлари билан қуршаб олинган қадимий бу масканда айни дамда 1 минг 300 оила истиқомат қилади. 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қиз қалъаси ва Ширвоншоҳлар саройи билан бирга, 1977 йилда тарихий-археологик қўриқхона, деб эълон қилинган “Ичери шеҳер” XVIII-XIX асрни эслатади. Ушбу манзилгоҳни Хивадаги Ичан қалъага қиёсласа бўлади...

Яқинда таниқли рассом Шавкат Музаффар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида швейцариялик машҳур меъмор, олима Виктория Иастон ўз шогирди Стефан билан Тошкент шаҳрининг “Эски шаҳар” қисмидаги тураржойлар типологиясини илмий жиҳатдан ўрганиб, ҳужжатлаштириб альбом тайёрлаш орзусида эканлигини ёзди.

Аслида буни ўзимизнинг меъморлар қилиши керак эмасми?

Фикримизча, Тошкентнинг “Эски шаҳар”ини ҳам худди Сигнаги ва Боку сингари тарих учун сақлаб қолиш керак. Айни дамда Ҳазрати Имом мажмуаси сайёҳларнинг севимли масканига айланган, унинг ёнида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам миллий меъморчилик асосида барпо этиляпти. Ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи биносидан бошқа эзгу мақсадда фойдаланиб, музей учун янги бинони айнан “Эски шаҳар”да қуриш керак. Ҳазрати Имом атрофидаги эски уйларни асл кўринишида таъмирлаш зарур. “Эски шаҳар” бозори билан қўшиб Соғбон ва Қорасарой кўчаларидан то Нурафшон кўчасигача бўлган маҳаллалар музей-маҳаллага айлантирилиши лозим.

Тошкентнинг буюк тарихи сақлаб қолинса, сайёҳлар учун янада жозибали бўларди. Бу миллий ўзликни англаш, ёшларни тарихга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим.

Яна бир гап. Озарбайжонларнинг “Аҳмад қаерда?”, “Аршин мололан” ва “Қайнона” фильмларини севиб томоша қиламиз. “Ичери шеҳер”да ушбу асарларга ҳурмат маъносида “Қайнона” деган қаҳвахона очилган. “Бриллиант қўл” фильмини томоша қилмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Мана шу картинанинг айрим саҳналари ҳам Бокуда суратга олинган. Фильмдаги “черт побери” (ўзбекчаси “жин урсин”) деган сўз эсингиздами? Ушбу фильм қаҳрамонларининг бири (Никулин) тасодифан, яна бири (Миронов) атайлаб йиқилган жойда мўъжазгина “Бриллиант қўл” деган қаҳвахона очилган.

Бокудаги “Ширваншоҳ” тамаддихонаси қадимги замондан шу кунгача бўлган даврни эслатади. Тамаддихонада тарихнинг ҳар бир зарварағи ҳақида тасаввур уйғотувчи бўлмалар бўлиб, аввалдан буюртма берган ҳолда ўзингиз истаган хонада овқатланишингиз мумкин. Шу қаҳвахоналар олдидан ўтар эканмиз, бизда ҳам “Эски шаҳар”да “Шум бола”, “Суюнчи”, “Чинор остидаги дуэль”, “Ўткан кунлар” ва бошқа кинолар номи остида ёки Ўзбекистоннинг қадимий тарихини эслатувчи қаҳвахоналар очиладиган вақт келмадимикан, деган ўй ўтган эди.

Тбилисида энг яхши дея тан олинган “Цисквили” (“Тегирмон”) ресторани бор. Уни ресторан дейишдан кўра, музей-шаҳарча деб номласак, тўғрироқ бўлади. Аввалига сизни хақиқий сув тегирмонига таклиф қилишади. Бу ерда буғдойдан ун қилинаётганини, ундан нон ёпилаётганини бевосита кўриш имкониятига эга бўласиз. Таъбингизга қараб қизил ёки оқ шаробдан татиб кўрасиз. Ана ундан кейин грузин миллий қадриятлари акс этган ресторанга киришингиз мумкин. У ерда меҳмонларни грузин халқ чолғу асбоблари ансамблининг созандалари миллий мусиқа садолари остида кутиб олади. Сирасини айтганда, Кура дарёси соҳилида жойлашган эртаксимон мазкур ресторанда грузинларнинг куй-қўшиқ ва рақсларига мафтун бўлган ҳолда, миллий таомларини истеъмол қилишга нима етсин?!

...Келажакда Тошкентнинг “Эски шаҳар”и шундай бўлишини тасаввур қиламан. Бу пойтахтимизнинг бош режасида ўз аксини топса мақсадга мувофиқ эмасми?

Журналистлар, адиблар, тарихчилар, қолаверса, кенг жамоатчилик бу фикрларга, таклифларга муносабат билдиришини истаб қолардим...

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВжурналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер