Ери унумдор, тупроғи соғлом юртда барака бўлади

13:47 21 Февраль 2024 Иқтисодиёт
141 0

Иллюстратив фото

Ўтган йили мамлакатимиз аҳолиси сони 36,3 миллион кишига етди. Сўнгги уч йилда ўртача ўсиш 2,1 фоизни ташкил қилмоқда. Бундай ўсиш суръати давом этса, мамлакатимиз нуфуси 2040 йилда 50,6 миллион ва 2050 йилда 63,5 миллион кишига етади.

БМТ маълумотида айтилишича, аҳоли истеъмоли учун 2040 йилда 1,4 млн. тонна ва 2050 йилда 2,7 млн. тонна қўшимча маҳсулот етиштириш талаб этилади. Шу боис бугунги кунда, нафақат бизнинг, балки дунё аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ягона йўл, бу тупроқларнинг унумдорлигини оширишдан иборат. Бинобарин, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳажми, сифати ва хавфсизлиги бевосита тупроқнинг соғломлиги ва табиий унумдорлиги билан чамбарчас боғлиқ.

Тупроқ таҳлиллари натижаларига кўра, сўнгги 30 йил мобайнида суғориладиган ерлардаги тупроқларда гумус миқдори 10 — 15 фоиз камайган. Ана шу бой берилган экин ерлари эквивалент ҳисобида 450 минг гектарни ташкил қилади.

Тан олиш керак, тупроқ унумдорлигини белгилаб берувчи гумус миқдори суғориладиган ерларнинг 68 фоизида, фосфор ва калий миқдори эса 75 фоизида паст даражада таъминланган. Бундан ташқари, суғориладиган ерларнинг 43 фоизи турли даражада шўрланган. Албатта, бу ҳолат нафақат соҳа ходимлари, балки ҳар бир юртдошимизда ташвиш уйғотиши табиий. Чунки юртимиз фаровонлиги, халқимизнинг ризқ-насибаси ана шу ер ва ундан олинаётган турли-туман озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл ва сифатлилиги билан ўлчанади.

Мамлакатимизда 2023 йил ҳосили учун 3,2 млн. гектар суғориладиган ерга қишлоқ хўжалиги экинлари экилган. Лекин бугунги кундаги глобал иқлим ўзгаришлари ва сувнинг йилдан-йилга танқис бўлиб бораётгани суғориладиган экин ерларини кенгайтиришга имкон бермайди.

Шу жиҳатдан олганда, Президентимиз томонидан шу йил 13 февраль куни имзоланган “Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясига қарши курашиш, тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини оширишни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки тупроқнинг соғлом бўлиши, хавфсиз ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нафақат юртимизда, балки бутун дунёда долзарб ва биринчи галдаги вазифага айланган.

Қарорга мувофиқ 2024-2025 йилларда тажриба тариқасида пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни, хусусан, тупроқнинг гумус миқдорини ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун ердан фойдаланувчиларга (жумладан, кластерларга) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга 1 миллион сўмдан субсидия ажратиш белгиланди.

Бунда субсидия ажратиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан “Агросубсидия ахборот тизими” орқали ижро қилинади. Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун дастлаб ҳисобланган субсидиянинг 70 фоизи 2024 йилда ажратилади. Субсидиянинг қолган 30 фоизи Пахтачилик кенгашининг 2025 йилда ҳосилдорлик олдинги мавсумга нисбатан ўртача 10 фоизга кўтарилиши тўғрисидаги хулосасига асосан берилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан агар ажратилган субсидия пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни, шу жумладан, тупроқнинг гумус миқдорини ошириш бўйича агротехник тадбирлар ижроси учун етмайдиган бўлса, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг талабномасига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 2025 йил пахта ҳосили учун 2024 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб имтиёзли кредитлар ажратилишига рухсат берилади. Бу фермерларга ўз даласидан юқори ҳосил олиш ҳамда сифатли ва хавфсиз маҳсулот етиштириш учун катта имконият яратади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, 1 гектар тупроқ ҳайдалма қатламдан йилига тахминан 760 килограмм чиринди йўқотилади. Унинг ўрнини қоплаш учун 1 гектарга камида 50 центнер миқдорида қуруқ органик материал солиниши керак. Кимёвий ўғитлар эса тупроқ унумдорлигини сақлашга хизмат қилмайди, балки экилган экинлар учун энергетик қўшимча вазифасини ўтайди, холос. Шунинг учун ҳам қарорда тупроқнинг гумус миқдорини ошириш агротехник тадбирларига эътибор кучайтирилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, субсидиялашнинг янги тизимини жорий қилиш натижасида 127 минг гектар майдонда пахта ҳосилдорлиги ўртача 15 фоизга ошади, пахта хомашёсини ишлаб чиқариш ҳажми 66 минг тоннага кўпайтирилади ҳамда 2025 йилда 628 млрд. сўм ёки ажратилган субсидияга нисбатан 5 баробар кўп маҳсулот етиштирилади.

Пировардида қўшимча етиштирилган пахта хомашёси қийматидан олинадиган қўшимча қиймат ва айланма маблағлар бўйича солиқлар ҳисобидан 100 млрд. сўм атрофидаги маблағ Давлат бюджетига қайтади. Албатта, бу жорий этилаётган субсидиялаш механизмининг жуда самарали эканлигидан далолат бермоқда. Зеро, ҳар қарич еримиз, тупроғимиз бизнинг беқиёс бойлигимиздир. Унинг соғломлиги ва унумдорлиги халқимиз фаровонлигига, юртимиз равнақига хизмат қилади.
Ойбек СОАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг
Тупроқ унумдорлигини ошириш ва ерлар деградациясига
қарши кураш бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?