Ердан фойдаланиш ҳуқуқи бозор активларидан бирига, энг талабгир товарга айланади

22:43 09 Январь 2021 Кластер
3920 0

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат парламент аъзолари, балки халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, ўрганилмоқда. У ўзида яқин ва истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифалар, улкан мақсад ва режаларни қамраб олгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Мурожаатномада илгари сурилган устувор вазифалардан бири, бу — ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш масаласи бўлди. «Манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, албатта, ўзгариш ва ўсиш бўлади. Бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келди.

Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин», дея алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари. Бу юртимиз деҳқонлари, айниқса, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчиларининг айни дилидаги гап бўлди.

Савол туғилиши, табиий: бу янгилик ер эгаларига нима беради? Уларга қандай қулайлик яратади? Мамлакат иқтисодиёти ва жамиятга-чи?

Дарҳақиқат, ер — давлат мулки. Суғориладиган экин майдонлари эса ҳар қандай мамлакатнинг бойлиги ҳисобланади. Амалиётга киритилаётган янгилик замирида, аввало, ердан самарали фойдаланиш мақсади мужассам эканлиги диққатга сазовор.

Ердан фойдаланиш ҳуқуқи номоддий активлар тоифасига киради. Қонунчилигимизда банкдан кредит олишда гаров сифатида ер участкасидан доимий фойдаланиш ёки ижарага бериш ҳуқуқидан фойдаланиш нормалари белгилаб қўйилган. Лекин шу пайтгача амалда ундан фойдаланилмади. Сабаби оддий. Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини ҳисоблаш механизми йўқлиги боис уни молиявий оборотга киритишнинг имкони йўқ эди. Мурожаатномада ушбу масалани ҳал этиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукуматга аниқ топшириқлар берилди.

Халқаро тажрибада «эмфитевзис» деган тушунча бор. Бу қишлоқ хўжалиги ерларидан узоқ муддатли ёки муддатсиз фойдаланиш ҳуқуқини англатади. Дастлаб қадимги Римда қўлланилган мазкур норма ҳозирги вақтда АҚШ, Франция, Голландияда, Канада, Италия, Бельгия, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатлар қонунчилигида акс эттирилган.

Чет эл амалиётининг кўрсатишича, ердан фойдаланиш самарадорлигини ҳам хусусий, ҳам ерга давлат эгалик қилган ҳолда ошириш мумкин. Фақат ердан фойдаланувчилар тўртта талабни бажаришлари шарт.

Биринчиси, ер участкасини ўз тоифасида сақлаб қолиши (қишлоқ хўжалиги ерлари, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар ёки муҳофаза фонди ерлари) керак.

Иккинчиси, ерларнинг таназзул(деградация)га учрашининг олдини олиш (тупроқнинг сифат кўрсаткичларининг ёмонлашиши) чора-тадбирларини кўриши зарур.

Учинчиси, барча экологик талабларга риоя қилиб, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги лозим.

Тўртинчиси, солиқ тўловлари ва зиммасидаги бошқа мажбуриятларни тўлиқ бажариши шарт.

Таъкидланганидек, қонунчилигимизга кўра, кредит олиш учун ердан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қўйишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шундай бўлса-да, бу тижорат банклари учун қизиқ эмас. Негаки, ердан фойдаланиш ҳуқуқини пулга айлантириш механизми ҳозирча йўқ. Банк қачонки бу усулда кредит беришдан манфаатдор бўлади? Агар:

а) ердан фойдаланиш ҳуқуқи бозорда талаб юқори маҳсулотга айланган бўлиб, уни ердан фойдаланувчининг ўзи тасарруф этса;

б) ердан фойдаланиш ҳуқуқининг иккиламчи бозори яратилиб, унда мазкур ҳуқуқ эркин олди-сотдиси амалга оширилса;

в) гаровга қўйилган ҳуқуқ адолатли нархда баҳоланса;

г) ердан фойдаланиш ҳуқуқини риск ва хатарлардан ҳимоялаш бўйича мустаҳкам суғурта тизими амалда фаол ишласа.

Демак, ердан фойдаланиш ҳуқуқини бозор активига айлантириш учун, аввало, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, унинг механизмини яратишимиз лозим. Ана шунда ердан фойдаланиш ҳуқуқи ўз нархига эга турли битимлар объекти бўла олади. Содда қилиб айтганда, бозорда талабгир товарга айланади. Бу жараёнда суғурта хизматлари бозорини ҳам ривожлантириш талаб этилади. Бунинг учун чет эллик мутахассисларни жалб этилган ҳолда, соҳа ислоҳ қилиниши мақсадга мувофиқдир. Яъни давлат-хусусий шериклик асосида суғурта хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилса, хавф-хатарлар кафолатланса, молия муассасаларининг қизиқиши ортиши, табиий ҳолдир.

Бунинг яна бир жиҳати бор. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи гаров сифатида қўйилган бўлса, кредит мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, банк уни номоддий актив сифатида сотиши мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги корхоналари, хусусан, кластерлар зиммасидаги масъулият ҳиссини янада оширади. Ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ даромад олиш ва кредит тўловларини ўз вақтида тўлашга ундайди.

Кўриниб турибдики, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг номоддий актив сифатида капиталлашуви қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мамлакатнинг иқтисодий қудратини оширишга хизмат қилади. Аграр соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятида янги саҳифа очади. Уларга қўшимча имкониятлар яратади. Чунки давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ернинг, ундан фойдаланиш ҳуқуқининг қиймати белгиланмоқда. Қийматли нарсанинг қадри баланд бўлиши эса оддий ҳақиқат.

Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Тошкент вилоятидаги 1 гектар ер учун ижара нархи, агар меъёрий нарх бўйича ҳисобланса, 10 доллардан 30 долларгача бўлади. Ижара ҳақи бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда тўланса-чи? 40 доллардан 80 долларгача етади. Орадаги фарқни кўряпсизми? Ер участкаларининг норматив ва бозор қиймати ўртасидаги ушбу тафовут қишлоқ хўжалиги ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш ва улардан фойдаланишнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда АҚШ ҳамда Францияда фаолият юритаётган барча бизнес тузилмаларининг номоддий активлари 35 фоиз, Бельгияда 32 фоиз, Италияда 29 фоиз, Португалияда 27 фоиз, Германияда эса 24 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса номоддий активларнинг улуши 1 фоиздан ҳам кам. Биргина ердан фойдаланиш ҳуқуқи актив сифатида молиявий оборотга киритилгач, бу борадаги кўрсаткич нафақат ошади, балки муттасил равишда ўсади. Ахир, қишлоқ хўжалиги корхоналари, пахта-тўқимачилик кластерларида фойда келтириши мумкин бўлган активлар таркиби кўпаяди. Ўз навбатида, улардан янги активлар шакллантириш имконияти пайдо бўлади.

Шу тариқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ортиб, у инвестициявий жозибадор активга айланади. Номоддий активларни эса худди моддий активлар сингари сотиш, айирбошлаш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа компанияларнинг устав капиталига ҳисса сифатида қўйиш ҳам мумкин. Пировардида мамлакат бойлиги бир неча миллиард долларга ортади.

Президентимиз томонидан ерларни бозор активларига айлантириш ташаббуси илгари сурилаётганининг асл сабаби ҳам номоддий активлардан унумли фойдаланиб, иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолини бой қилишдир.

Муртазо РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?