Ердаги фаришта

00:35 12 Март 2021 Жамият
1194 0

2018 йилнинг июнь ойида Қашқадарё вилоятининг Косон туманида мудҳиш жиноят содир этилган эди: гиёҳвандликка берилган шахс хотинининг умрига зомин бўлиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Олти нафар норасида гўдак эса бўзлаб қолди. Марҳуманинг онаси болаларни ўз васийлигига олиб тарбиялай бошлади. Бироқ фарзанд доғига чидой олмай уч ойдан сўнг оламдан ўтди. Ўшанда болалар жуда оғир аҳволда эдилар. Ягона меҳрибони — бувисининг ҳам қазо қилиши уларни янада ночорликка солган эди. “Бизни ким фарзандликка қабул қилар экан?”, дея умид кўзи билан қариндош-уруғларга жовдираган болаларнинг изтиробини ифода этишга сўз ожиз. Уларни ўз васийлигига оладиган қон-қариндош эса топилмади.

Болаларнинг тақдирини ўйлаб ҳокимият вакиллари, маҳалла оқсоқоллари кенгашдилар. Баъзи фарзанди йўқ кишилар болаларни васийликка олиш мақсадида мурожаат қилди. Кимдир суяги қотган, парваришлашга қийналмайман, ҳа демай ёнимга кириб, юмушларимга кўмакчи бўлади деган мақсадда болалардан каттасини фарзандликка олишни хоҳласа, бошқа биров ҳали эсини таниб улгурмаган икки ёшли гўдакни фарзандликка олишни, бола токи улғайгунча янги оиласига кўникиб кетади, деб ўйларди. Қолганларини эса болалар ўйига топшириш бўйича фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Содир бўлган мудҳиш воқеадан сўнг ўзини йўқотиб қўйган болалар бир-бирларидан айрилишни, шаҳардаги болалар уйига боришни сира ҳам исташмасди. Уларга бағри илиғ, тинч-тотув оила керак эди. Буни болаларнинг кичиклари англамаса-да, 14-12 ёшни қаршилаб, эсини таниб қолган Асадбек ва Кумуш яхши тушунарди.

Қодир Оллоҳ болаларга фаришта мисол меҳрибон она, бағри илиқ оила ато этди. Уларнинг ён қўшниси, икки нафар фарзанднинг онаси Маҳбуба опа болаларга ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига олди. Ўшанда эндигина 32 ёшни қаршилаган Маҳбуба опага қариндош-уруғлари орасида “савоб ишни ният қилдинг, аммо саккизта бола билан қийналиб қоласан. Бу фикрингдан қайт”, дейдиганлар ҳам бўлди. Маҳбуба опа эса қарорида собит қолди. Муҳими оила бошлиғи Азамат ака Воситов унинг фикрини маъқуллади. Шундоқ ҳам кўнгли ярам норасидаларни бир-биридан айрилиб, пароканда бўлишига томошабин бўлиб туришни хоҳламади.

 — Олти ёшлигимда отам қазо қилганлар. Ота меҳрига тўймай ўсганман, — дейди Маҳбуба опа биз билан суҳбатда. — Болалар уйида барча шароит ва имкониятлар бордир. Лекин у ерда оила меҳри йўқ. Қўшним билан биз аҳил-иноқ эдик. Бирор тансиқ таом пиширсак, албатта, бир-биримизга чиқарардик. Рамазон ҳайити пайтлари бирга рўза тутардик. Мендан ёшлари катта бўлгани учун опа дердим. Кўп маслаҳатлар берарди. Жуда сабрли аёл эди. Уйларидаги гапни, турмушдаги қийнчиликларни ҳеч ҳам бировга гапирмасди. Тақдир экан... Мен болаларнинг кўзларидаги мунгни кўриб, чидаб туролмадим. Улар ҳам бахтли яшашга лойиқ-ку. Бор меҳримни беришни мақсад қилдим. Оллоҳга шукр, ёмон кунлар ортда қолиб, болаларимнинг кўзларида қувонч порлаяпди. Бош фарзандим Асадбек 11-синфда ўқийди, мактабни тугатгач, ҳарбий хизматга бормоқчи. Қизларим Муслима, Раҳима, Кумуш ва Хадича аъло баҳоларда ўқишади. Дарсдан бўш вақтларида тикиш-бичиш, ширинликлар тайёрлашни ўрганишяпти. Кичкинтойларим Али 4-синфда, Муҳаммадамин 2-синфда ўқийди. Фотимахон эса энди олти ёши тўлдирди.

Азамат ака ҳайдовчилик касби орқасидан оила тебратади. Маҳбуба опа уйда фарзандлар тарбияси билан банд. Хонадоннинг файзу баракаси оила бекасининг саранжом-саришталиги, турмуш ўртоғига садоқати, болаларга бўлган меҳрига боғлиқ. Оила бошлиғи келтирган маблағни тежаб, ўз ўрнида сарф этиш уй бекасининг вазифаси. Бу борада ҳам Маҳбуба опа ўрнак бўларли аёллардан.

Шуни ҳам таъкидаш ўринлики, савобли ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган Воситовлар оиласига маҳалла-кўй, туман хокимлиги вакиллари доимий равишда ўз кўмакларини бериб келмоқда. Ўтган йили июнь ойи карантин вақтида Косон туман ҳокимлиги томонидан бир бош соғин сигир берилди. Жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоят ҳокими Зоир Мирзаев Косон туманига ташрифи чоғида меҳридарё она Маҳбуба Мўминова ҳамда фарзандлари билан учрашиб, оилага моддий кўмак ажратди. Вилоят ҳокими жамиятимизда шундай меҳр-оқибатли опа-сингилларимиз, оналаримиз борлигидан жуда мамнун эканлигини изҳор этиб, Маҳбуба Мўминовани “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига тавсия этишини айтди.

 — Онажоним ҳар куни тонгда эрта уйғониб, нонушта тайёлаб қўяди. Биргаликда овқатланамиз. Сўнг бизни мактабга кузатади. Дарсдан қайтганимизда яна очиқ чеҳра билан кутиб олади. Қандай мавзулар ўтилганлиги, бизнинг дарсда фаоллигимиз ҳақида сўрайди. Кечки овқатни биргаликда тайёрлаймиз. Дастурхон атрофида ҳаммамиз жам бўламиз. Оиламизнинг борлиги — бахт. Отажоним ва онажонимнинг борлиги —  қувончим. Илоҳим, уларни Оллоҳ ўз паноҳида асрасин, — дейди Маҳбуба опанинг қизи Кумуш.

Дарҳақиқат, ҳаётимизда одатий ҳол бўлиб кўринган, ота-онамизнинг дуо қилиб, бизни ўқишга, ишга кузатиши, бир дастурхон атрофида йиғилиб ўтиришимиз ҳам аслида бахтдир. Чунки инсон соф меҳр-муҳаббатни, ҳузур-ҳаловатни, хотиржамликни фақатгина оила бағрида топади. Меҳри қуёш тафтидан-да илиқ оналарни эса фариштага қиёслашади. Бу фикр бежиз айтилмаганлигига олти нафар мурғак қалб эгаларини бағрига олиб, уларга бор меҳрини бераётган Маҳбуба опа яққол мисол бўлади.

Жобир ИСМАТУЛЛОЕВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер