Ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда бўш турган ерларни ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқ эгаларининг
ер участкаларини олганлик учун ҳақ тўлашни амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш зарурати туғилмоқда.

Шунингдек, ер ости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсганлиги, шунингдек қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётганлиги сабабли ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш ҳам зарур.
Қонун билан Ер кодексига давлат мулкидаги бўш турган ерларнинг ҳисобга олинишини ташкил этишни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган объектларни жойлаштиришни, ер участкаларини олганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларига аниқлик киритилмоқда, суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш зарур бўлган ҳоллар кенгайтирилмоқда.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга ер ости сувларига қудуқни бурғилаш учун рухсатнома бериш ўрнига ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Жумладан, Солиқ кодексига ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунга маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестрида объектни маъмурий-ҳудудий белгилашнинг тизимли коди тўғрисидаги ахборот акс эттирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши ерларни муҳофаза қилиш ва ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, Маъмурий-ҳудудий бирликлар давлат реестрининг ахборот тизимини такомиллаштиришга, шунингдек ер ости сувларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг