Энергоинспекция ҳар йили йирик электр ва газ истеъмолчилари рўйхатини эълон қилиб боради

17:36 10 Июнь 2024 Сиёсат
359 0

Президент раислигида бошланган видеоселектор йиғилишида энергия самарадорлиги, кўп қаватли уйларни бошқариш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Жорий йилда 580 та мактаб, 169 та боғчанинг энергия самарадорлигини ошириш режалаштирилган.

Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, иссиқ ойларда маъмурий ва тижорат объектларини совутишга қиш билан бир хил энергия сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш топширилди.

Мутасаддиларга 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.

Шунингдек, Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади.

Ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

«Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт», — деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорликни баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди. Бунда:

— йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади;

— Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради;

— аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.

Мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер