Энди Сорғунда яшашнинг гашти ўзгача
Фото: "Халқ сўзи"
Бухоро вилояти Когон тумани Сорғун маҳалласи таркибида Катта Орғун, Ойнасоз, Суғдиёна каби 8 та қишлоқ бор. Яқин-яқингача бу қишлоқларда яшовчилар мабодо меҳмон келгудек бўлиб қолса бир оз хижолат чекишарди. Негаки, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари кўнгилдагидек эмас, инфратузилманинг, хусусан, йўлларнинг аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўларди.
Эндиликда буларнинг бари ўтмишда қолди. Овлоқ гўша “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури доирасида ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёнини бошдан кечирди.

— Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи вилоятимизда ўрганишлар ўтказган, энг чекка, ижтимоий жиҳатдан аҳволи оғир маҳаллалар қаторида Сорғун ҳам танлаб олинганди,—дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонаси мудири Саид Мирзаев.— Бу ерда қисқа муддат ичида жуда катта ҳажмда қурилиш-бунёдкорлик, ободончилик юмушлари бажарилди. Нафақат ижтимоий объектлар, балки аҳоли уй-жойлари, кўчалар тамоман янгича қиёфа касб этди. Маҳалла аҳолисининг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун зарур қатор қулайликлар яратилди.
Дарҳақиқат, ёғин-сочинли кунларда юргани юрак бетламайдиган, ёзда чанги осмону фалакка ўрлайдиган тупроқ кўчалар асфальтлаштирилди. Йўлнинг 2,5 километр қисми бетонлаштирилди. Пиёдалар йўлакчалари барпо этилди. Маҳалла гузари реконструкция қилинди. Ёшлар учун Workout майдончаси қурилди. Маҳалланинг янги биноси қурилиши поёнига етмоқда. Сартарошхона, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик цехи, савдо шохобчалари ишга туширилди. Маҳалла тарихида илк бор оилавий шифокорлик пункти иш бошлади. Мактаб ва мактабгача ташкилотни айтмайсизми? 240 ўринли билим даргоҳи биноси ва спорт зали қурилишига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Биз ҳали электр энергияси, ичимлик сув таъминоти , ариқларни тозалаш, қабристонлар ва йўл ёқаларини ободонлаштириш борасида қилинган ишлар ҳақида тўхталганимиз йўқ.

— Ҳар гал иш юзасидан 3500 дан зиёд аҳоли умргузаронлик қилаётган Сорғунга йўлимиз тушганида оддий фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг ўй-фикрлари, ташвишлари билан қизиқамиз, — давом этади С. Мирзаев. —Эндиликда улардан “Турмушингиздан розимисиз?», дея сўрашимизнинг ҳожати ҳам йўқ. Негаки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли ишлардан миннатдор эканликларини уларнинг юз -кўзлари айтиб турибди.
Дарҳақиқат, энди Сорғунда яшашнинг гашти бирам ўзгача-ки, асти қўяверасиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг