Электр энергияси таъминотидаги чекловларга чек қўйилди. Аҳолини йиллар давомида қийнаб келган ушбу оғриқли масала қандай ҳал этилди?
“Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Куз/қиш мавсумида уларни алмаштириш бўйича бажарилаётган ишлар эса масалани тубдан ҳал этаётгани йўқ...
Беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган”.
Президентимиз Шавкат МИРЗИЁЕВнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасидан.
Яқин орада қишлоққа йўлингиз тушдими? Агар шаҳар шовқин-суронларидан сал олислаган бўлсангиз, чекка ҳудудларда рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлганингиз аниқ. Чунки охирги йилларда одамларни қийнаётган муаммолар секин-аста ечимини топиб, юртимизнинг узоқ манзилларида ҳам ҳаёт жонлана бошлади.
Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор вазифалар самараси яқин беш йилда эмас, балки дастлабки 1-2 йил ичида ўз натижасини бераётганидан яққол далолатдир. Буни биргина энергетика тизимидаги ўнгланиш мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шубҳасиз, қишлоқ аҳолисини энг кўп ўйлантираётган масала, бу — электр энергияси таъминотидаги беқарорлик, пайдар-пай узилишлар эди. Агар ўша кезлар Мўйноқ, Томди ёки Чироқчининг чекка қишлоғига тунда меҳмон келса борми, ўзини худди ўтган аср бошларига тушиб қолгандек ҳис қилиши бегумон. Боиси мойчироқларнинг милтиллаб турган шуъласидангина бу ер аҳоли яшаш пункти эканлигини англаш мумкин эди.
Ҳали тўлиқ газлаштирилмаган, ичимлик суви таъминоти билан етарлича қамраб олинмаган жойларда атиги 5-6 соат электр токи берилиши қишлоқ аҳолисининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди. Ана шундай оғир бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан одамларнинг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини қондириш, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми истиқомат қилаётган қишлоқларда шаҳардагидан қолишмайдиган обод турмуш тарзини қарор топтиришга жиддий эътибор қаратила бошланди. Натижада қадди букилиб қолган симёғочлару унинг салқиб қолган симларини янгилаш, зўрға ишлаб турган трансформатор пунктларини модернизациялаш ишлари жадаллашиб кетди. Бу эса топган “движок”, топмаган мойчироқнинг хира ёғдусига кўникиб қолган одамлар қалбида умид учқунларини ёлқинлантириб юборди.
“Яқин-яқингача, ҳатто бундан атиги 1,5-2 йил бурун ҳам кўпи билан суткада 5-6 соат электр бериларди. Шунда ҳам “лип-лип” узилишлар оқибатида қўл телефонини қувватлантиришга ҳам улгурмасдик.
Касбим — ўқитувчи. Чироқ йўқлиги ўқитувчининг ўз устида ишлаши, қўшимча манбаларни излаши, ўқувчининг эса уй вазифаларини тайёрлашида катта қийинчилик туғдирарди. Мактабимиздаги
компьютер синфлари эса шунчаки “кўргазмали восита”га айланиб қолганди.
Ҳолбуки, бизнинг қишлоғимиз Тўпаланг гидроэлектр станциясининг шундоққина биқинида жойлашган бўлиб, ёнимиздан оққан сувдан бебаҳра қолаётганимиз, рости, алам қиларди. Одамларнинг фиғонидан дуд чиқарди.
Мана, ҳозир ҳаммаси изга тушиб кетди. Бўлар экан-ку?!”, - Сариосиё туманидаги 7-сонли мактаб ўқитувчиси Маҳкам Жаъфаров.
Муаммонинг илдизи топилди
Ҳозирги замонда электр энергиясисиз кундалик турмушимизни тасаввур қилиш қийин. Беминнат дастёримиз бўлган маиший техникалар ҳам, иссиқ-совуқда ҳузурижон кондиционеру холодильник ҳам ток билан ишлайди-да. У бўлмаса, қимматбаҳо телевизор “кўр”, қўл телефони “соқов”га айланади. Бундай кезларда ўзингизни дунёдан узилиб қолгандек ҳис қила бошлашингиз тайин.
Аслида, иқтисодиётнинг мазкур муҳим тармоғидаги муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У худди битмас яра каби йиллар давомида мадда боғлаб, охири “ёрилди”. Хўш, бир қадамф олдинда юриши керак бўлган энергетикамиз нега оқсоқланиб қолди? Муаммонинг илдизи қаерга бориб тақалади?
— Чиндан ҳам, энергетика таъминотидаги муаммолар бирданига юзага келгани йўқ, — дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Миллий диспетчерлик маркази тизим оператори бошлиғи Абдурашид Мирзаев. — У йиллар давомида йиғилиб келаётган эди. Сабаби республикамиздаги мавжуд 10 та иссиқлик электр станцияси ўтган асрнинг
50 — 60 йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Электр энергиясига талаб кун сайин ортиб бораётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, ушбу қувватларни янгилаш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Энг оғриқли масала — ёқилғи таъминотидаги беқарорликлар ишлаб чиқариш суръатига салбий таъсир кўрсатмай қолмасди. Айниқса, қиш мавсумида газ босимининг пасайиб кетиши натижасида белгиланган миқдордаги электр қуввати ҳосил қилишнинг имкони бўлмагач, охир-оқибат вазиятни чекловлар ҳисобига юмшатишга зўр бериларди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, муаммо бартараф этилаётгани туфайли вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Масалан, энг оғир кечадиган қиш мавсумини бу йил минимал чекловлар билан муваффақиятли ўтказдик.
Эҳтиёж импорт ҳисобига таъминландими?
Таҳлилларга қараганда, мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб йилига 5-6 фоиз ўсмоқда. Шунинг учун 2018 йилги электр энергияси ишлаб чиқариш баланси 4 миллиард киловатт/соат оширилиб, 69,1 миллиард киловатт/соат этиб белгиланган. Унинг қарийб 88 фоизи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келади. Бунча қувватни ҳосил қилиш учун эса 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 3,4 миллион тонна кўмир сарфланади.
Куз мавсумида керакли миқдордаги кўмир захираси яратилиб, табиий газ ва бошқа ёқилғи турлари узлуксиз етказиб берилаётгани туфайли чекловлар деярли бартараф этилди. Иқтисодиёт тармоқларига ҳам, ижтимоий соҳа объектларига ҳам, аҳолига ҳам электр энергияси маромида тақсимланяпти. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида истеъмолчиларга 24 миллиард 465,5 миллион киловатт/соат, шу жумла-дан, аҳолига ўтган йилнинг шу давридагидан 553 киловатт/соат кўп, жами 6 миллиард 504,6 мил-лион киловатт/соат электр қуввати узатилди.
Сир эмас, аҳоли ўртасида энергетика тизимидаги бугунги барқарорлик импорт эвазига таъминланяпти, деган гап-сўзлар ҳам юрибди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Импорт қилаётганимиз бор гап, — дейди “Ўзбекэнерго” АЖ иқтисодий ривожлантириш бошқар-маси бошлиғи Абдуҳамид Жўраев. — Тожикистондан 1,5 миллиардкиловатт/соат, Қирғизистондан 500 миллион киловатт/соат электр энергияси сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Лекин бу мавжуд қувватлар ички эҳтиёжга яраша маҳсулот етказиб бера олмайди, деган нотўғри тасаввур уйғотмаслиги керак. Чунки биз электр энергиясини, асосан, экинлар вегетацияси даврида, яъни май — сентябрь ойларида сотиб оламиз. Бу эса қишлоқ хўжалигида сув таъминоти яхшиланишида қўл келади. Қолаверса, энергоблокларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, модернизациялаш чоғида таъминот барқарорлигига хизмат қилади. Энг муҳими, бунинг эвазига 700 мил-лион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришамиз.
Ваҳолонки, электр энергиясини экспорт ҳам қиламиз. Афғонистонга жорий йил охирига қадар 2 миллиард 483 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб беришни зиммамизга олганмиз. Эътибор қилган бўлсангиз, бу импорт ҳажмидан анчагина кўп.
Об-ҳавонинг ҳам таъсири бор
Мутахассисларнинг айтишича, электр энергияси сарфида об-ҳаво муҳим роль ўйнайди. Масалан, шу йилнинг биринчи чорагида белгиланган балансдагидан 500 миллион киловатт/соат кам электр энергияси ишлаб чиқарилди. Буни ёқилғи харажатига чақадиган бўлсак, қарийб 170 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинди, деганидир.
Қиш мавсуми анча илиқ келиб, токка талаб нисбатан камайгани туфайли шундай тежамкорликка эришилди. Бироқ ёз ойларида ҳароратнинг кўтарилиши натижасида кундалик энергия сарфи ошмоқда. Бундай зўриқиш пайтида тармоқдаги узилишларнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти? Аксарият қувватлар модернизация қилинаётган ҳозирги кунда эҳтиёжга яраша ток ишлаб чиқариш имконияти борми?
— Албатта, авариявий ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган қисқа муддатли узилишларни ҳисобга олмаганда, таъминотда чекловларга йўл қўйилмайди, — дейди“Ўзбекэнерго” АЖ иссиқлик электр станцияларидан фойдаланиш бошқармаси бош мутахассиси Акмал Шарипов. — Мавжуд 10 та ИЭСнинг амалдаги қуввати 9 минг 968 МВтга тенг. Уларни модернизациялаш ҳисобига техник соз ҳолатга келтирилиши баробарида, янги қувватлар яратиляпти. Масалан, биргина 2016-2017 йилларда Толлимаржонда иккита буғ-газ қурилмаси, Тошкент ИЭСда битта буғ-газ қурилмаси,
Ангрен ИЭСда янги энергоблок ишга туширилиши ҳисобига 1200 МВтдан ортиқ қўшимча қувват вужудга келди. Бу ҳам таъминотдаги чекловларнинг бартараф этилишида айни муддао бўлди. Қиёслаш учун айтиш керакки, ўтган чорак аср давомида атиги битта энергоблок фойдаланишга топширилган эди, холос.
Тўғри, бундай инвестициявий лойиҳалар ижроси катта маблағ билан боғлиқ. Аммо иш тўғри ташкил этилса, сармоялар аниқ йўналтирилса, бу жараён мураккаблик туғдирмайди. Охирги йилларда айни ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар шундай дейишимизга асос бўла олади. Улар орасида Наманган вилоятида қурилаётган қуввати 900 МВтга тенг Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг алоҳида ўрни бор. Сабаби бу иншоот энг оғир ҳудудлардан бири саналган Фарғона водийсида таъминотни тубдан яхшилайди. Айни пайтда бу ерда Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems, Ltd.” компаниялари консорциуми томонидан қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. У 2019-2020 йилларда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Тармоқ бутунлай янгиланади
Истеъмолчиларга ток умумий узунлиги 250 минг километрдан ортиқ 0,4 — 110 кВт электр узатиш тармоқлари, қарийб 75 мингта трансформатор пунктлари орқали узатилади. Демак, катта сарф-харажат, машаққатли меҳнат эвазига пайдо бўлган қувватлар беҳуда йўқотишларсиз етказилишида уларнинг техник соз ҳолатда сақланиши ўта муҳим. Жамият мутахассисларининг айтишича, шунинг учун ҳар йили электр тармоқлари мазкур бўғинининг 30 фоизида жорий, 10 фоизида эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади.
— Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017 — 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган, — дейди “Ўзбекэнерго” АЖ электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Ҳакимов. — Ушбу ҳужжат асосида “0,4 — 6 — 10 кВт паст кучланишли электр тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида эскирган 34 минг 23 километр электр узатиш тармоқлари, 6930 дан зиёдтрансформатор пунктларини модернизациялаш ва алмаштириш кўзда тутилган. Натижада 2300 та маҳаллада яшовчи 2,5 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг таъминоти яхшиланади.
Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг биринчи ярмида “Электрқишлоққурилиш”, “Ўзқишлоқэлектрқурилиш”, “Энергоқурилишиндустрия” корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган 44 минг 290 тадан ортиқ темир-бетон таянчлар, шунингдек, заводлардан 662,4 тонна АС, 517,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 1170 та трансформатор пункти ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказиб берилди. Бунинг ҳисобига республикамиз бўйича жами 2619 километр электр узатиш тармоқлари ва 1000 та трансформатор пунктида реконструкция ҳамда модернизация ишлари бажарилди.
Таъкидлаш керакки, бундай тадбирлар кўлами 2018/2019 йил куз/қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида ҳам кенг қулоч ёймоқда. Айтайлик, “Обод маҳалла” дастурига биноан, 30 та йирик шаҳар ҳамда пойтахтимизнинг 11 туманидаги жами 136 та маҳалла қамраб олинган. 2018 йилнинг 17 июль ҳолатига кўра, 61,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 29 та трансформатор пунктидамодернизациялаш ҳамда янги қурилиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 79,9 километр электр узатиш тармоқлари, 187 та трансформатор пунктимукаммал таъмирлангани бунга мисол бўла олади.
“Электрдаги узилишлар сабабли на бемалол телевизор кўролардик, на музлаткич, на кондиционер ишлатардик. Шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут шу даражага етганди. Аслида, муаммо илдизи у қадар чуқур эмас экан.
353,5 миллион сўмлик лойиҳадан сўнг ҳудудимизда бу масала узил-кесил ҳал бўлди. Ушбу маблағ эвазига 4 километрдан зиёд электр ҳаво тармоғи тортилиб, 2 та янги трансформатор ўрнатилди. Энди ҳамма жой чароғон. Қалбимизга нур кирди.
Яратилган бундай қулайликдан қишлоғимизнинг 1315 нафар аҳолиси жуда мамнун”, - дейди Нукус туманидаги “Саманбай” ҚФЙоқсоқоли Мақсет Бегдуллаев.
Ишга солинмаган имконият
Ўзбекистон — энергетика ресурсларига бой мамлакат, дея ғурурланамиз. Чиндан ҳам, шундай. Юртимизда энергиядан, хусусан, унинг қайта тикланувчи манбаларидан ҳам фойдаланиш имконияти ғоятда юқори. Ҳақли савол туғилади: унда нега электр энергияси таъминотида муаммолар бу қадар урчиб кетди?
Мутахассисларнинг фикрича, шу пайтга қадар соҳада, асосан, битта йўналиш билан чегараланиб қолинган. Эътибор қилинг, фақат гидроэнергетика жабҳасида ўзлаштирилиши мумкин бўлган ресурслардан оқилона фойдаланилса, йилига 27,4 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Бироқ ҳозирги пайтда ушбу салоҳиятнинг атиги 23,7 фоизи ўзлаштирилган, холос. Нега?
Негаки, гидроэнергетикани ривожлантириш, янги қувватларни ишга тушириш, мавжудлари фаолиятини эса такомиллаштириш эътибордан четда қолиб кетган. Имкониятлар тўлиқ ишга солинмаган. Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили “Ўзбекгидроэнерго” акция-дорлик жамияти ташкил этилгач, тарқоқ бўлиб қолган соҳа корхоналари бирлаштирилди. Шу тариқа экологик тоза ва арзон электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш сари муҳим қадам ташланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖдан маълум қилишларича, республикамиздаги мавжуд 36 тагидроэлектр станциясида йилига ўртача 7 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу ялпи қувватнинг атиги 15 фоизини ташкил этади, холос.
2017 — 2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури мазкур кўрсаткични кескин оширишда айни муддао бўлмоқда. Унга кўра, беш йил ичида 42 та янги ГЭС қурилиши ҳамда 32 та мавжуд ГЭСни модернизация қилиш кўзда тутилган. Дастур ижроси доирасида ўтган йили июль-август ойларида Туябўғиз сув омбори қошида, Катта Фарғона каналида, Оҳангарон ҳамда Тўпаланг дарёларида кичик ГЭСлар қурилиши бошланган бўлса, яқинда “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади”, “Тошкент ГЭСлар каскади” ҳамда “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” унитар корхоналарида модернизациялаш ишларига киширилди.
Ушбу технологик янгилаш лойиҳасининг умумий қиймати 74 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, шундан қарийб 63 миллион доллари Хитой “Эксимбанк”и томонидан молиялаштирилади. Бунинг ҳисобига гидротурбиналар ва эскирган агрегатлар замонавийсига алмаштирилади, илғор ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади. Пировардида ГЭСлар, масалан, “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” унитар корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми ўрнатилган қувват, яъни 50,9 мВтга етказилади. Бу Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл ва Чиноз туманларининг электр энергияси билан таъминоти тубдан яхшиланади, деганидир!
Муқобил ва самарали йўл
Келгусида электр энергиясига бўлган талаб йил сайин ошиб бораверади. Иқтисодиёт ривожи, аҳоли сонининг ўсиши ва турмуш даражаси яхшиланиши каби омиллар бу жараённи янада тезлаштириши, табиий. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашилганда, мамлакатимизда 2030 йилда мазкур ресурсга эҳтиёж икки баробар ошиб, қарийб 120 миллиард киловатт/соатга етиши кутилмоқда. Аммо электр токи ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган углеводород захиралари кун келиб тугаши аллақачон тасдиғини топган. Бу эса ёқилғининг муқобил йўлларини излаб топиш, қайта тикланувчи ресурслардан кенгроқ фойдаланишни тақозо қилаётир.
Ўлкамиз табиий иқлим шароити, географик жойлашувидан келиб чиқиб, хорижлик ҳамкорлар кўмагида энергетиканинг янги йўналишларини ўзлаштириш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилгани қувонарлидир. Айтайлик, германиялик мутахассислар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида мунтазам эсиб турадиган шамол йўллари аниқланди. Бу эса умумий қуввати 3000 МВтлик шамол электр станциялари қурилиши бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишга туртки бўлди. Уларнинг дастлабкисининг қуввати 100 МВтга тенг бўлиб, “Siemens” компанияси (Германия) томонидан Зарафшонда бунёд этилади.
— Бундан ташқари, кўплаб хусусий компаниялар Навоий, Сурхондарё, Наманган ва бошқа вилоятларда қуввати 2000 МВтлик қуёш электр станцияларини қуриш таклифини билдиришмоқда, — дейди Абдурашид Мирзаев. — Улар “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ҳамда бошқа масъулидоралар томонидан кўриб чиқиляпти. Ушбу йўналишдаги энг йирик лойиҳа ижросига, ҳадемай, Самарқанд вилоятида киришилади. Умумий қуввати 1000 МВтга тенг мазкур қуёш фотоэлектр станциялари Канаданинг “SkyPower Global” компанияси томонидан барпо этилади.
Энергетикада туб бурилиш
Жаҳон тажрибасидан ҳам маълумки, қуёш, шамол электр станциялари энергияга бўлган эҳтиёжнинг муайян қисминигина таъминлайди, холос. Шу боис аксарият давлатлар соҳа келажагини атом энергетикасида кўрмоқда.
Халқаро атом энергетикаси агентлиги — МАГАТЭмаълумотларига қараганда, бугунги кунда жаҳоннинг 30 дан зиёд мамлакатларида 451 энергоблокка эга бўлган 191 АЭС самарали фаолият кўрсатяпти. Ядро реакторлари бўйича етакчи ҳисобланган АҚШ, Франция каби мамлакатларда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 72,3 фоизи АЭС
томонидан қопланади.
Яқин келажакда дунё бўйича 96 та АЭС қурилиши режалаштирилган бўлса, шунинг қарийб 60 таси Осиё мамлакатлари улушига тўғри келади. Жумладан, Қозоғистонда жорий йилда илк шундай иншоот қурилишига киришилади. Уран захиралари бўйича жаҳонда тўртинчи, уни ишлаб чиқаришда эса еттинчи ўринда бўлган Ўзбекистонда тинчлик йўлида атом энергетикасига асос солинаётгани иқтисодиёт тармоқларида мисли кўрилмаган ютуқларга замин яратиши айтилмоқда. СабабиРоссиянинг “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорликда қуриладиган мазкур мажмуа 2 энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 МВтга тенг бўлади.
2028 йилгача тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган ушбу АЭС йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газни тежаш, энг муҳими, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳолини арзон, экологик тоза электр энергияси билан барқарор таъминлаш, экспорт ҳажмини кескин ошириш имконини беради.
Умуман олганда, энергетика тизимида 2030 йилгача 7-8 минг МВтлик янги қувватларни ишга тушириш, электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктларини тубдан янгилаш бўйича йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ қилиняпти. Бундан кўзланган асосий мақсад — аҳолини муҳим ҳаётий эҳтиёжлардан бири бўлган электр энергияси билан барқарор ва кафолатли таъминлаш, ҳеч бир нуқта, ҳатто энг олис ҳудудларда ҳам чекловларга йўл қўймасликдир. Зеро, инсон ҳаётда бир марта яшар экан, ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, бугун кўришга, фароғатда яшашга ҳақлидир.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи" олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Алишер Абдуллажонов (asdalisher@yandex.ru):
Ha energiya bu zamonaviy hayot asosi desam bo'ladi. Energiya bor bo'lsa texnika texnalogya ishlaydi. shovkan24@yandex.ru
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг