Элчи бошчилигидаги ГФР ишбилармонлари Навоий вилоятида

12:59 18 Ноябрь 2021 Жамият
249 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Навоий вилояти  ҳокими в. Б. Нормат Турсунов томонидан қабул қилиниб,  уларга вилоятнинг  иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлиги хусусида батафсил маълумот берилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, вилоят раҳбари  Германия йирик ишбилармон доиралари вакилларининг ҳудудга ташрифидан мамнунлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг йирик саноат маркази сифатида вилоят мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутишига эътибор қаратди. Хусусан, ҳудуд табиий ресурсларга бой бўлиб, олтин, вольфрам, фосфоритлар, кварц қуми, цемент хомашёси, оҳактош ва бошқа кўплаб ер ости ва усти қазилма бойликлари мавжуд 100 дан ортиқ минерал-хомашё базаси ва 2,8 мингдан ортиқ каръерларга эга.

Ўз навбатида ГФРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси т. Клиннер сўнгги йиллардаги Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дунё ҳамжамияти, жумладан, германиялик экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланаётганини эътироф этди.

Музокараларда, шунингдек, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ховсеп Восканян ГФР ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари кўлами кенгайиб бораётгани ҳақида тўхталди.

- Германиянинг “Коммерцбанк”, “Rolandtecnic Import & Export GmbH”, “TAKRAF GmbH”, “ABM Anlagenbau und Maschinentechnik GmbH”, “B- Tec”, “Linde Gas” каби молия институтлари ва компанияларининг бош офислари ҳамда Марказий Осиёдаги филиаллари менежерлари иштирокидаги ташриф доирасида Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийазот” каби йирик корхоналарда, шунингдек, Зарафшон шаҳридаги “Zarafshon oyna” МЧЖда учрашув ва тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган, - деди жаноб х. Восканян. – Ўйлаймизки, ташриф давомида эришилган келишувлар ҳар иккала томон учун ҳам самарали ва манфаатли бўлади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Германия ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Хусусан, жорий йилда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида Германиянинг "ONS FRANKFURT" компанияси ҳамкорлигида "VIK Engineering" хорижий корхонаси ташкил этилиб, қиймати 2,1 миллион АҚШ долларига тенг бурғилаш техникаларининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Зарафшон шаҳрида эса “Zarafshon oyna” МЧЖ томонидан қиймати 97 миллион еврога тенг флот технологияси асосида кенг ассортиментдаги ойна ишлаб чиқаришга киришилди. “Мазкур лойиҳанинг технологик ускуналари “Коммерцбанк”нинг 55 миллион евро кредит маблағлари ҳисобидан Германиядан  келтирилиб, ўрнатилди”, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

 

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?