БМТ минбарида Ўзбекистон ёшларининг овози янгради
Сайёрамизда 1,8 миллиард ёш истиқомат қилади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим-тарбия олишлари учун мустаҳкам асослар яратиш дунё ҳамжамияти олдидаги долзарб вазифалардан бири. Ўзбекистоннинг бу борадаги инсонпарвар сиёсати жаҳон афкор-оммаси томонидан илиқ кутиб олинмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари суриб, унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни белгилаш зарурлигини қайд этган эди. Ушбу таклиф БМТ ва бошқа қатор халқаро тузилмалар, хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тўғрисидаги таклифи ўша йилдаёқ қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир халқаро форум ва минбарларда дунё ёшлари масалаларига оид янги-янги ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган ёшлар муаммолари ечимига қаратилган иккинчи глобал конференция, жорий йил март ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг саммитида келгуси йили Қўшилмаслик ҳаракати Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни кўҳна Самарқандда ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани бунинг амалий тасдиғидир.
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ бош қароргоҳида 193 та давлатнинг ёшлар сиёсатига масъул вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши – “ECOSOС-2023” ёшлар форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Гибрид форматда ўтказиладиган ушбу форумда мамлакатимиз 2018 йилдан буён доимий иштирокчи сифатида қатнашиб келмоқда.
Мазкур форум ёшларнинг БМТдаги сиёсий мунозараларга ҳисса қўшиши учун асосий платформа бўлиб, қатнашчилар ўз тажрибаларида дуч келаётган муаммоларга инновацион ечимлар бериш юзасидан фикр алмашишлари мумкин. Ёшларнинг таклиф ва ғоялари сиёсий муҳокамаларга ҳисса қўшади, барча соҳаларда ёшлар овози иштирокини таъминлаш учун ҳукуматлараро муҳим учрашувларни тўлдиради.
Бу гал “ECOSOC” ёшлар форумининг кун тартибида коронавирус пандемиясидан тикланишни тезлаштириш ва барча даражаларда барқарор ривожланиш стратегияларини тўлиқ амалга ошириш чораларига урғу берилди.
Биз форумдаги чиқишимизда Ўзбекистонда қизларнинг таълимини қўллаб-қувватлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни, жумладан тасдиқланган конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланаётгани, умуман юртимиздаги ёшлар билан ишлаш тажрибаси хусусида маълумот бердик.
Охирги йилларда Президентимиз кўмаги ва ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга сифатли таълим бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифаларни маҳалла бўғинидан бошлаб ташкил этиш бўйича вертикал бошқарув тизими яратилди. Тизимни амалга жорий этиш мақсадида 9 минг 500 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилиб, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.
Мисол учун, 2022 йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит берилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилди. Натижада 325 мингта иш ўрни яратилди. 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланди. 32 мингдан зиёд ёшларга субсидия орқали асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилди.
Ёшларнинг сифатли таълим олиши борасидаги имконият ва шароитлар изчил кенгайтирилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотлари сони 5,5 баробар кўпайиб, 28 мингдан ортди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида 2 миллионга яқин бола мактабгача таълимга қамраб олинди. Олий таълим муассасаларимиз 2,5 баробарга кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида 42 та нодавлат олий ўқув юрти ташкил этилгани, хорижий олий таълим муассасалари филиаллари сони 31 тага етганини алоҳида қайд этиш лозим.
2022 йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш йўлга қўйилди. 2023 ўқув йилидан бошлаб, ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади.
Барча соҳаларда хотин-қизларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Бугунги кунда аёлларимизнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоизни ташкил этмоқда. 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан 37 фоизга етган.
Хотин-қизлар орасида 5 нафар академик, олий таълим муассасаларининг ўзида 700 нафардан зиёд фан доктори, қарийб 3 минг нафар фан номзоди (PhD), шунингдек, фахрий унвонларга сазовор бўлганлар бор.
2022 йилда 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредити берилди. Шундан 85 минг нафар хотин-қизга 1 триллион сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилган. Хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлди. Бугунги кунга қадар магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди.
Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар ҳар йили олий ўқув юртларига алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Агар бундан 6 йил аввал олий таълим муассасаларида 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 500 минг нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 83 минг нафар эҳтиёжманд талабага контракт пуллари, 14 минг нафарига чет тиллари бўйича имтиҳон харажатлари тўлаб берилди. 81 минг талабага уй-жой ижараси тўлови ажратилди. “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Ёшларга яратилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳам Ўзбекистон ёшларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ёшлар форуми очилишида таъкидлаганидек, бутун дунё барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун халқаро ҳамжамият ёшларнинг энергияси, ғоялари ва истеъдодига муҳтож.
“Дунёмиз сизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Иқлим ўзгаришидан можароларгача, қашшоқлик ва тенгсизликдан Барқарор ривожланиш мақсадларигача. Ёшлар билан ёнма-ён бу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаш ушбу форумдаги муҳокамаларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади”, – деди Гутерриш.
“ECOSOС” ёшлар форуми мураккаб глобал муаммолар, жумладан, геосиёсий кескинликнинг кучайиши, тинимсиз иқлим инқирози, қашшоқликнинг кучайиши, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига қарши кураш, шунингдек, инқироздан босқичма-босқич, аммо нотекис тикланиш фонида ўтди. Пандемия ва можаролар бутун дунё бўйлаб ёшларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Ёшлар ишсизлиги энг юқори даражага етди. Дунё бўйлаб таълимда узилишлар мавжуд.
Форум доирасидаги пленарий йиғилишлар, давра суҳбатлари ва мунозараларда ёшларнинг муаммолари, улар учун янги имконият ва қулайликлар, хусусан, барқарор шаҳарлар ва коммуникация, тоза сув, яшил энергетика, инновация, саноат ва инфратузилма масалалари кўриб чиқилди. Бу нафақат ёш авлод учун, балки бевосита уларнинг иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар сифатида эътиборлидир.
***
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси халқаро доирадаги истиқболли режалар юзасидан иштирокчи давлатлар вакиллари ва АҚШдаги ташкилотлар билан музокаралар ўтказди. Хусусан, БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича махсус вакили Жаятма Викраманаяке хоним билан ўтган учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар Стратегияси-2030 дастури бўйича Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан фикр алмашдик. Суҳбатимиз давомида Жаятма хоним Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш тажрибасини дунё ҳамжамияти учун ёрқин намуна сифатида эътироф этди. Музокара давомида келгусида БМТ билан кенг доирада ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олдик.
АҚШ Давлат департаменти қошидаги Глобал ёшлар масалалари бюросининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили, АҚШ делегацияси раҳбари Аббй Финкенауер билан музокараларда истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдик. Хусусан, таълим йўналишида икки давлат ёшлари учун имконият яратувчи дастурлар ва лойиҳалар ташкил этиш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Саудия Арабистони Иқтисодиёт ва режалаштириш вазирининг ёшлар масаласи бўйича маслаҳатчиси Отҳман Алмоамар билан эса икки мамлакат ҳамкорлигида ёшларни иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказишга келишиб олинди.
***
Олимлар асримиз якунига қадар дунёда ёшлар салмоғи 3,5 миллиарддан ошишини прогноз қилмоқда. Бу эса Президентимиз таъкидлаётганидек, ёшлар масалалари билан боғлиқ муаммоларга эътиборни янада кучайтиришни тақозо қилади. Бизнинг мақсадимиз нафақат ўзбек ёшларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, балки бутун дунёда ёш авлоднинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга ҳисса қўшишдан иборат. Бугунги кунда мамлакатимиз олиб бораётган сиёсат мазмун-моҳияти айнан мана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.
Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг