Дунёнинг энг кекса одами 116 ёшида вафот этди. 130 ёшли ҳамюртимиз Гиннеснинг рекордлар китобига киритиладими?

16:50 06 Январь 2025 Дунё
374 0

Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган дунёнинг энг кекса одами сифатида эътироф этилган япониялик аёл Томико Итоока 116 ёшида вафот этди. Бу ҳақида «BBC News» нашри хабар берди

Итоока хоним 1908 йил 23 май куни ўша вақтдаги Япония империясининг Осака шаҳрида туғилган. У жаҳон урушлари, пандемиялар ҳамда дунёнинг технологик ютуқларга эришган йилларида яшаган.

Гиннеснинг маълумотларига кўра, Томико хоним 20 ёшида турмушга чиққан ва икки қиз ва икки ўғил фарзандни дунёга келтирган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида у эрининг тўқимачилик фабрикасини бошқарган. Эри 1979 йилда вафот этган. Томико хоним бошқа турмуш қурмаган ва шу вақтгача ёлғизликда яшаган.

Маълум бўлишича, Томико Итоока 2024 йил 29 декабрь куни Хёго префектурасининг Ашия шаҳридаги қариялар уйида 116 ёшида вафот этган.

Унинг вафотидан кейин дунёдаги энг кекса одам яна бир 116 ёшли бразилиялик роҳиба Инаҳ Канабарро Лукас эканлиги таъкидланмоқда. У Томико Итоока таваллудидан 16 кун ўтиб дунёга келган. Ҳозирча бу маълумотлар Гиннес томонидан тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча 1895 йилнинг 1 январида дунёга келган ҳамюртимиз Хувайда момо Умарова 130 ёшга тўлгани ҳақида хабар берган эдик. Масъуллар Хувайда момони сайёрамиздаги энг ёши улуғ инсон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун ҳужжат тўплаган ҳамда ўрганишлар олиб борган. Афсуски, собиқ Совет Иттифоқи берган ҳужжатларда чалкашликлар бўлади, деган важ билан ҳалигача бу иш охирига етмай келмоқда.

Ҳозирда онахоннинг ҳужжатлари яна қайтадан тайёрланиб, ноаниқликларга аниқлик киритилиб, Тошкентга, масъулларга қайта юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер