«Дунё садолари» халқаро эстрада санъати фестивали бошланди

21:32 29 Июль 2024 Жамият
200 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Хонобод шаҳрида «Дунё садолари» II халқаро миллий эстрада санъати фестивали бошланди. Тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, электр, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминотидаги узлуксизлик жорий этилди. Минглаб меҳмонхона уйлари, юздан ортиқ овқатланиш шохобчалари, интернет тармоғи меҳмонлар хизматида. Кўнгилочар манзилларда дам олувчилар учун маданий тадбирлар ташкил этилди.

— Кун давомида турли кўргазмалар, концерт дастурлари намойиш этилади, — дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Саттарова. — Ҳунармандлар, рассомлар кўргазмалари, либослар намойишлари, гастрономик танловлар бўлиб ўтмоқда. Кечки соат 18.00 дан 22.00 гача боғнинг асосий саҳнасида З.М. Бобур номли вилоят мусиқа ва драма, Ёшлар ҳамда Қўғирчоқ театрлари ижодий жамоалари, туман, шаҳар маданият бўлимлари, фольклор-этнографик жамоалари, эстрада хонандалари иштирокида маданий-кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари намойиш этилади.

— Мен Қўқон шаҳридан келдим, — дейди Анваржон Абдуҳалилов. — Хонобод билан Қўқон шаҳри орасидаги манзил бироз узоқроқ. Лекин ташвишланишга ҳожат йўқ. «Қўқон—Андижон» поезди мушкулимизни осон қилди. Шаҳар ичкарисида 200 дан ортиқ фестиваль логотипи туширилган махсус автомобиллар қатнови йўлга қўйилган. Улар орқали шаҳарнинг исталган жойларига, хусусан, сайёҳлик манзилларига бориш мумкин. Энг муҳими, бундай катта тадбирда автотранспортлар тирбандилигига барҳам берилади.

Айни пайтда Хонобод шаҳри меҳмонлар билан гавжум. Ҳудуднинг ўнлаб манзилларида фестиваль доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ҳали олдинда фестивалнинг очилиш маросими, ўзбек ва чет эл эстрада юлдузлари иштирокидаги концерт дастурлар кутиб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?