Донор бошқа инсоннинг ҳаётини асраб қолиши мумкин
14 июнь — Халқаро донорлар куни
Мана 200 йилки қон донорлигига тиббиётнинг зарурий қисми сифатида қаралади ва ҳар йил инсонлар бу хайрли ишга оммавий жалб этилади. Қон донорлиги орқали киши бир одамнинг ҳаётини қутқариб қолиши мумкин.
Ҳаётда нималар содир бўлмайди, дейсиз. Тақдирнинг оғир синовлари бошига тушиб, баъзан кимдир автоҳалокатга учрайди, кимдир иш жараёнида тан жароҳати олади. Умуман, ҳар қандай оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган одамга биринчи навбатда қон зарур. Донор беғараз берган қон ана шу қадри баланд неъматга муҳтож инсоннинг шифо топиши учун ниҳоятда асқатади. Қон туғиш жараёнидаги кўплаб ҳомиладор аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолганига неча бор гувоҳ бўлганмиз.
Шунинг учун ҳам ҳар йили бутун дунё бўйлаб 14 июнь — Халқаро донорлар куни сифатида кенг нишонланади ва жойларда соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда турли ташкилотлар томонидан донорликка бағишланган акция тадбирлари ўтказилади.
Хўш, юртдошларимиз қон донорлиги ҳақида қанчалик маълумотга эга? Кимлар донор бўла олади? Қон топшириш жараёнлари ва тартиблари қандай? Мамлакатимизда донорлар учун қандай енгилликлар бор?
Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Қон препаратлари» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси мутахассиси, олий тоифали врач-трансфузиолог Матлуба ЎРИШEВАга юзландик.
— 18 ёшдан 70 ёшгача, вазни 50 килограммдан ортиқ бўлган барча инсонлар ихтиёрий равишда донорликка қон топшириши мумкин, — дейди Матлуба Ўришева. — Фақат бу жараёнга рози бўлган одам, албатта, шифокорлар кўригидан ўтиши даркор. Бу орқали донорнинг қони таркибидаги гемоглобин миқдори аниқланади. Қон олиш бир марталик система орқали амалга оширилади ва бу билан донорнинг юқумли касалликларга чалинишининг олди олинади. Аввалига лабораторияда тест тизимларининг жаҳон намуналаридан фойдаланган ҳолда топширилаётган қонда «Б» ва «C» вирусли гепатитлар, ОИТС, сифилис ва бруселлез касалликлари қўзғатувчилари бор ё йўқлиги текширилади. Кейин қоннинг биохимик таҳлили ўтказилади, донорнинг қон гуруҳи ҳамда резус фактори аниқланади. Шундан сўнг, талабгорнинг саломатлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлингач, у қон топширишга тавсия этилади. Таҳлил натижалари шифокорлар томонидан сир тутилади.
Маълумотларга кўра, қон топшириш беғараз ва хавфсиз бўлиб, бу жараён талабгор учун зарар эмас, аксинча, фойда келтиради. Яъни унинг қон таркиби янгиланади, қон айланиш тизими фаолияти янада яхшиланади, иммунитети мустаҳкамланади. Шунингдек, қон босими юқори бўлган кишиларга ҳам қон топшириш тавсия этилади, бу уларга ижобий таъсир кўрсатиши фанда исботланган.
Ҳар бир инсон йилда 4 марта қон топшириши мумкин, бироқ унинг оралиғи 2 ойдан кам бўлмаслиги зарур. Мазкур жараённинг давомийлиги 45 дақиқа бўлиб, бунда донордан камида 450 мл. қон олинади.
Шифокорлар донор қон топширганидан сўнг бироз дам олиши, яхна ичимлик ва ширинликлар истеъмол қилишини маслаҳат беришади. Шунингдек, талабгор қон топширган ёхуд тиббий кўрикдан ўтган куни ўртача иш ҳаққи сақланган ҳолда ишдан озод этилади. Ўрта махсус, олий таълим ва бошқа ўқув муассасаларида таҳсил олувчиларга ҳам бундай ҳолатда дарсга келмаслик ҳуқуқи берилади. Ушбу қонун ҳарбий хизматчилар учун ҳам тегишли бўлиб, улар навбатчилик вақтлари хизмат жараёнларига қўйилмайди. Шунингдек, донор қон топширган ёки тиббий кўрикдан ўтгач, қўшимча яна бир кун дам олиши мумкин.
Халқаро қон донорлари ташкилотлари федерациясининг маълумотларига кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун минг нафар кишига нисбатан донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар минг нафар кишига 10 нафарни ташкил этиши зарур. Ўзбекистонда эса ҳозирги кунда бу кўрсаткич 5 нафардан иборат бўлиб, мутахассислар фикрича, агар у 10 нафарга ошса, халқимизнинг қонга бўлган талаби юз фоиз қопланади.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиётнинг барча тармоғини бирдай ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 августидаги «Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги қарори ҳам ушбу соҳанинг олдинга силжиши, донорлик учун кўнгиллилар сафи ошишига туртки берди. Ҳужжат асосида юртимизда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Айни кунларда ҳам мамлакатимиз бўйлаб соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан жойларда беғараз «Мен донорман» шиори остида хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Унда фаол иштирок этган, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Улар «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараварида бир марталик пул билан мукофотланади. Шунингдек, улар ўзига қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиши, йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари шаҳар жамоат транспортининг барча туридан бепул фойдаланиши ҳамда давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олишлари мумкин.
Бундан ташқари, доимий, яъни йилига камида 3 марта қон топширувчи донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари — ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади.
Демак, қон донорлигидек хайрли ишга ҳар бир юртдошимиз ҳисса қўшиши, бу билан бир одамнинг жонига оро кириши мумкин. Бу нафақат савобли амал, айни пайтда саломатлигимиз учун ҳам кони фойдадир.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
талабаси Маъруф ТОЖИБОЕВ ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг