Доғистонда Нурмагомедов спорт мактабида тинтувлар ўтказилди

14:53 29 Июнь 2024 Дунё
619 0

Доғистонда Абдулманап Нурмагомедов номидаги аралаш яккакураш спорт клубида Маҳачқалъа ва Дербентда содир этилган терактлар иши бўйича тинтув ўтказилди. Бу ҳақда Mash Telegram канали хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Доғистондаги терактлар иштирокчиси Гажимурод Кагиров билан яқин алоқада бўлган ва яқин орада сўроқ қилиниши мумкин бўлган уч нафар мактаб тарбияланувчисини аниқлаган. Шунингдек, муассаса бош мураббийи ва бошқа спортчилар сўроқ қилинган ҳамда ҳужжатлари текширилган.

Манбага кўра, бу Хавфсизлик кучларининг Нурмагомедов номидаги клубни кетма-кет иккинчи кун текшириши. Аниқлик киритилишича, бир кун олдин улар машғулотларни тарк этаётган спортчиларнинг ҳужжатлари ва телефонларини текшириб, терактдан олдин Кагиров билан ким мулоқот қилганини сўрашган. Шу билан бирга, полиция яқин атрофдаги муассасалар ва спорт залларини ҳам қуршаб олган.

ТАСС манбасининг хабар беришича, мактабида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида қўлга олинганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ

Ўз вақтида Ҳабиб Нурмагомедов терактда айбланаётган спортчининг мактабга алоқадорлигини инкор этиб, у бундан бир неча йил аввал, фақат икки ой машғулотларда қатнашганини таъкидлаган.

«Гажимурад Кагиров 2021 йилда залимизда бўлган. У эркин курашдан ММА'га ўтганидан сўнг биздаги йиғинларда қатнашган, тахминимча, у фақат икки ойча биз билан шуғулланган. У бизнинг мактаб тарбияланувчиси эмас, бу мутлақо ёлғон», деган Ҳабиб.

Доғистонда содир бўлган теракт оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, 44 киши яраланди.

Доғистоннинг Дарбанд ва Махачқалъа шаҳарларига террорчилар ҳужум уюштирилди. Отишмаларда жами 20 нафар одам ҳалок бўлди. Уларнинг 17 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, 44 нафар фуқаро, жумладан 37 нафар кучишлатар тизими вакиллари яраланди.

Шундан сўнг Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Террорчилардан икки нафари Доғистондаги туман раҳбарларидан бирининг ўғиллари бўлиб чиқди, дея хабар берди «Интерфакс».

Собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Instagram саҳифасига жойлаган постида ҳолатни кескин қоралади ва теракт оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Махачқалъа шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ минтақадаги терактлар юзасидан муносабат билдириб, ҳолатни кескин қоралади.

«Доғистонда содир этилган шафқатсиз террорчилик ҳужумларини кескин қоралаймиз. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги номидан ҳалок бўлганларнинг барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», дея ёзди ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов.

Муҳсинжон Умурзоқов

«Халқ сўзи»  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?