ДХХ Ўзбекистонга қўшни давлатлардан келтирилган «ажал оғуси»ни мусодара қилди

11:48 11 Октябр 2024 Жамият
110 0

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб келинган наркотик моддаларни тўхтатиб қолди. Бу ҳақда Telegramʼдаги «Хавфсизлик» каналида маълум қилинди.

Билдирилишича, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 53, 50 ва 39 ёшли 3 нафар фуқаро Тожикистондан 10 кг 50 гр опий ва 10 кг 29 гр гашиш моддаларини контрабанда йўли билан олиб ўтган вақтларида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда наркокурьерлар томонидан Афғонистондан олиб келиниб, Музработ тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг 953 гр опий ва 4 кг 116 гр гашиш моддаларини қабул қилиб олган.

Бу вақтда Термиз шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик моддаларни Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 48 ёшли Қозоғистон фуқароси ушланган.

Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам наркокурьерлар томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган 922 гр опий ва 4 кг 203 гр гашиш моддаларини олиб, доимий яшаш манзилига кетмоқчи бўлган вақтида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 47 ёшли фуқаро ушланди. Мазкур шахс ушбу моддаларни ҳар бир килограммини афғонистонлик наркосавдогарлардан 2300 доллардан сотиб олган.

Сариосиё туманида қайд этилган ҳолатда Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган 56 ёшли шахс тўхтатиб текширилганда, унинг ёнида 4 кг 80 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.

Бу йўналишда ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам тезкор тадбирлар ўтказишди. Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 45 ёшли шахс бошқарувидаги «Gentra» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 975 гр опий моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 789 гр опий ҳамда 5 кг 239 гр гашиш моддалари олинди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган ушбу гиёҳванд моддани Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.

Бошқа ҳолатда эса муқаддам қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Қувасой шаҳри ҳудудидаги яширин жойга қолдириб кетилган 4 кг 922 гр гашиш моддасини олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 26 ёшли шахс ушланган.

Ҳозирги кунда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?